“Истихора” сўзи луғатда “яхшилик сўраш” маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Аллоҳ наздида яхши саналган ишга йўллашини сўраши истихорадир. Уламолар истихора суннатлигига иттифоқ қилишган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳар бир ишда, худди Қуръондан сура ўргатгандек истихора қилишни таълим берардилар”, дейилган . Унга кўра, истихора қилмоқчи бўлган одам икки ракат нафл намоздан кейин дуо қилади.
Қуйида истихора дуосини келтирамиз.
“Аллоҳумма инний астахийрука биъилмик, ва астақдирука биқудротик, ва асъалука мин фазликал ъазийм, фаиннака тақдиру ва лаа ақдир, ва таъламу ва лаа аълам, ва анта ъаллаамул ғуйувб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий вақдурҳу лий, ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий фасрифҳу ъанний васрифний ъанҳ, вақдур лиял хойро ҳайсу каана сумма роззиний биҳ”.
Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман. Сен билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози қил”.
Истихорада ушбу дуони ўқиш ҳам жоиз: “Аллоҳумма хир лий, вахтар лий”.
Дуонинг маъноси: “Аллоҳим, ишимни яхши қил. (Икки ишдан) яхшисини танлашимга мадад бер”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бирон ишга киришмоқчи бўлсалар, “Аллоҳумма хир лий, вахтар лий”, деб дуо қилардилар .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Анас, агар бирон ишни ният қилсанг, бас, Роббингга бу борада етти марта истихора қил. Кейин қалбингга устун келган нарсага қара. Зеро, яхшилик ўшандадир”, дедилар (Ибн Сунний “Амалул явми вал-лайла”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Истихора намози ёки дуоси етти мартагача ўқилади. Кейин Аллоҳ дуони ижобат қилиши сабр билан кутилади. Истихорадан кейин қалбнинг очилиши, ундан чигаллик ва иккиланишнинг кетиши истихоранинг қабул бўлгани аломатидир.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
حدثنا عباس الدوري نا محمد بن بشر العبدي نا مجمع بن يحيى عن عثمان بن موهب عن موسى بن طلحة عن طلحة قال: قلت: يا رسول الله كيف الصلاة عليك ؟ قال: قل :اللهم صل على محمد كما صليت على إبراهيم إنك حميد مجيد وبارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على إبراهيم إنك حميد مجيد.
Мусо ибн Талҳа розияллоҳу анҳу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга салавот қандай айтилади?” деб сўрадим.
У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин камаа соллайта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа бааракта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айт”, дедилар.
Салавотнинг маъноси: “Аллоҳим! Иброҳимга салавот йўллаганингдек, Муҳаммадга ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан. Иброҳимга баракот берганингдек, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД