Шу йилнинг 12 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган анжуманда мамлакатимизнинг 60 дан ортиқ таниқли диний уламоси, исломшунос ва тарихчи олимлари, соҳа мутахассислари офлайн ҳамда онлайн иштирок этди.
Мазкур конференция Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Термиз давлат университети, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Очилиш маросимида кейинги йилларда мамлакатимизда буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижодини илмий асосда ўрганиб, тарғиб қилиш ва уларнинг бебаҳо меросини ёш авлод онгу-шуурига чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам ана шундай улуғвор мақсадларга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Конференцияда Термиз давлат университети доценти, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Жалолиддин Мирзаев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шукурилло Умаров, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Камол Исламов ва бошқа етук олимлар, илмий тадқиқотчилар чиқиш қилди.
Мазкур конференцияда “Термизий алломалар илмий мероси дунё фондларида”, “Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарида Имом Бухорийнинг фикр-қарашлари ва хулосаларидан истифода этилиши”, “Термизий алломалар меросини ўрганиш борасидаги изчил ислоҳотлар: натижалар ва истиқбол”, “Янги Ўзбекистонда ҳадисшунослик илмининг янги босқичи” каби 20 га яқин мавзуда қизиқарли маърузалар қилинди.
Илмий-амалий конференция термизий алломалар илмий-маънавий меросининг ҳозирги даврдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида чуқур мулоҳаза юритилиб, асарларини кенг тарғиб қилиш, китобхон ёшларнинг ўқиб-ўрганишига интилишини янада ошириш юзасидан ҳам таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ