Бугун, 13 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин домла Шерхонов таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиш, ўқитувчи ва талабалар билан очиқ мулоқот ўтказиш мақсадида Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди.
Ташриф давомида таълим муассасалари жамоасини 2024-2025 ўқув йили билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари номидан муборакбод этиш баробарида янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни, ўқитувчи ва талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Очиқ мулоқотда талаба-ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, мазкур таълим даргоҳларида яхши билим ва малакага эга бўлиб, келгусида соҳанинг етук мутахассиси бўлиши борасида тавсиялар берилди.
Абдуносир БОБАМИРЗАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими ходими
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати