Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилган Наманган шаҳридаги “Абдулқодир қори” жоме масжиди имом-ноиби Юнусхон қори Жаббаровнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум домламизнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум имомимизни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Юнусхон домла Жаббаровнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун "16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний тотувликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони топширилди.
Тантанали маросимда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов фидойи юртдошларимизга ушбу юксак мукофотларни топшириб, уларнинг келгуси фаолиятига зафарлар тилади.
Қувонарлиси, эътирофга сазовор бўлганлар сафида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимида самарали меҳнат қилаётган Акбаршоҳ Расулов, Неъмат Мусаев, Ҳикматилла Тоштемиров, Ўткирбек Собиров, Дамин Жумақулов, Тоҳир Қурбонов, Дониёр Икрамов, Мунира Абубакирова, ҳамда Турсуной Деҳқонова каби заҳматкаш инсонлар бор.
Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар мазкур мукофотнинг таъсис этилиши Давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган юксак эътибор, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш йўлидаги эзгу ислоҳотларнинг яққол намунаси эканини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати