Инсон ҳаётда яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин яхшилик ва ёмонлик тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Баъзилар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон, ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса, ўша нарса ёмондир.
Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб улардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-оятида: “У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” деб марҳамат қилган.
Ҳадиси шарифларда ҳам: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, “Ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, дейилган бўлса-да, баъзилар “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?” деган мантиқсиз саволларни ўртага қўйишади. Оқил кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром”, деб марҳамат қилганлари кифоя қилади. Гиёҳванд модда нима деб аталишидан қатъи назар, уларда маст қилиш, баданни бўшаштириш хусусияти бор. Аллоҳ таоло инсонни ўз жонига қасд қилмасликка, ўзгаларнинг ҳам қонини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир-оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига қасд қилган саналади.
Гиёҳванд моддалар киши меъдаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, у инсоннинг асаб тизими бузилиши, кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.
Жамиятга етказадиган зарарлари эса беҳад кўп. Гиёҳванд кимса ўзига, оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан лоқайд бўлиб боради. Айниқса, ишлаб чиқаришда тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёшлар гиёҳвандликнинг асосий қурбони бўлиши жуда ҳам аянчли ҳол. Гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, бу ҳаётда тез-тез учрайди. Қавм-қариндош, гулдай фарзандлар, умр йўлдошдан айрилиш, аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар туғилиши кабилар шулар жумласидан.
Гиёҳванд модда ҳаром бўлгач, унинг тижорати, олинган фойдаси ҳам ҳаром ҳисобланади. Шундай экан, бугун аср вабосига айланган, минглаб ёшларнинг гул умри хазон бўлишига олиб келаётган, келажакни, яшашдан асл муддаони унуттираётган бу иллатга қарши курашиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.
Миржон домла ЭГАМБЕРДИЕВ,
"Ҳидоят" журналидан
Ислом сўзининг маъноларидан бири тинчликдир. Мусулмонлар ўзаро бир-бирлари билан ушбу сўз орқали саломлашадилар, намоз вақтида мўмин банда айтадиган энг охирги калом ҳам, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири, жаннатнинг номларидан бири ҳам “Ас-Салом” – тинчликдир.
Тинчлик, адолат, эркинлик, ҳикмат борасида кўплаб оятлар бор.
Қуръони карим ҳар бир инсонга эътиқод эркинлигини кафолатлайди. “Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир” (“Кафирун” сураси, 6-оят).
Эътиқодни ёйишда зўрлик ўтказиш таъқиқланган. “Динда зўрлаш йўқ” (“Бақара” сураси, 256-оят).
Ақлга мос, далил-исботли, ҳаётга татбиқ этиладиган ёндошув орқали, ҳар бир инсоннинг ақлий даражаси ва ҳолатини ҳисобга олиб, қалбга таъсир қилувчи, мулойим услубда, агар баҳс ва мунозара бўлса, хушмуомала, адолатли ва маданиятли тарзда фикр алмашиш, даъват этилади.
“Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала, мунозара қилинг! (“Наҳл” сураси, 125-оят).
Ҳар бир инсонга, дини, миллати ва ирқига қарамасдан, адолат билан муносабатда бўлиш, душманлик қилмаган бўлса, яхшилик қилиш, эҳтиром кўрсатиш Ислом таълимотларидандир.
“Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингизда қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар” (“Мумтаҳана” сураси, 8-оят).
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме масжиди имом-хатиби
Манба: @Softalimotlar