Кўрик-танлов
Мўмин-мусулмонлар сўзи ва амали бир-бирига уйғун инсонгагина эргашади, унинг гапларига қулоқ солади, айтганларини бажари, ҳурматини жойига қўяди.
Шу боис имом ҳар доим айтганларига, аввало, ўзи амал қиладиган, маърифатли, ўз устида тинимсиз ишлаши, соҳага доир янгиликлардан доимо хабардор бўлиши керак.
Бундай даражарага эришиш учун эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Йил имоми» кўрик-танлови муҳим ўрин тутади.
Танловнинг шаҳар-туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 22 нафар имом-домла Тошкент вилояти босқичида қатнашди.
«Зангиота» масжидида «Йил имоми» кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов очиб берди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра қуйидагилар «Йил имом – 2024» танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолиби деб топилди:
I ўрин: Бекобод тумани «Чаноқ» жоме масжиди имом-хатиби Ёқубжон домла Бухарбоев;
II ўрин: Бўстонлиқ тумани «Мулла Пўлат ота» жоме масжиди имом-хатиби Неъматуллоҳ домла Исомов;
III ўринлар: Оҳангарон шаҳар «Хонобод» жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳаким домла Акмалов ҳамда Зангиота тумани «Мир Абдулла эшон» жоме масжиди имом-хатиби Фаррух домла Султонов.
Тадбир сўнгида ғолиблар ЎМИ вилоят вакиллиги ва «Вақф» хайрия жамоат фондининг вилоят филиали томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
«Йил имоми–2024» кўрик-танлови вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган Бекобод тумани «Чаноқ» жоме масжиди имом-хатиби Ёқубжон домла Бухарбоев танловнинг республика босқичида қатнашади.
Вакилимизга танловнинг республика босқичида муваффақият тилаб қоламиз.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати