Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб дедилар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир, уни тарк қилиш ношукрликдир. Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди”. Шунинг учун седанадек арзимаган нарса берган кишига ҳам раҳмат айтиш лозим.
“Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”. Яъни одамларнинг яхшилиги, эҳсонига раҳмат айтиш, миннатдорлик билдириш кимнинг табиати ва одатида бўлмаса, Аллоҳнинг неъматларига ҳам шукр қилмайди.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Уни улуғлаш, Унинг беҳисоб неъматлари эътирофи, шукронасидир.
“Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир...”. Яъни Аллоҳнинг неъматларини билдириш уларга шукр қилишдандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).
Шукр уч хил бўлади:
◥ тил шукри – неъматни гапириш билан;
◥ аъзолар шукри – хизмат қилиш, ибодат қилиш билан;
◥ қалб шукри – барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини эътироф қилиш билан.
“...уни тарк қилиш ношукрликдир”. Яъни неъматларни гапирмаслик, бекитиш ношукрликдир. Ориф зотлардан бири дейди: «Неъматларни сўзлаш уларни берувчи Аллоҳни эслаш, бошқаларга эслатишдир. Бу эса, қалбларда У Зотга муҳаббат пайдо қилади. Акс ҳолда, бекитиш афзалдир.
“Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир”. Яъни мусулмонларнинг жам бўлиши, бирдам, якдил бўлиши Аллоҳ таолодан раҳматдир, савоб ва яхшиликларнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Абу Нуъайм раҳимаҳуллоҳ “Ҳилятул авлиё” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: “Пайғамбарлардан бири Аллоҳ таолодан Балъам ибн Боуронинг унга берилган мўъжиза ва кароматлардан маҳрум бўлиши сабабини сўради. Шунда Аллоҳ таоло деди: “У бир куни Мен берган неъматга шукр қилмади. Агар у бир мартагина шукр қилганида эди, ундан неъматимни олиб қўймас эдим”.
Бизга берилган неъматлар шу қадар кўп ва турли-тумандир. Лекин кўпчилигимиз неъматларга кўмилиб яшасак-да, ҳолимиздан нолиймиз. Ҳолбуки, улар ҳақида озгина фикр юритиб, уларни берган Зотга: “Буларнинг барчаси Сенинг улуғ фазлингдан, берган неъматларингга розимиз”, деб иқрор бўлишимиз лозим.
Мансур ЎРАЛОВ,
Сирғали туманидаги “Нўғай қурғон”
жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан