Қатарнинг Вақф ва ислом ишлари вазирлиги “Шайх Жассим бин Муҳаммад бин Соний” деб номланган миллий Қуръон мусобақасида аёллар ва талабалар йўналишларида туб ўзгаришлар киритилишини эълон қилди. Эндиликда мусобақа совринлари ва унинг ғолиблари сонини оширди.
ИҚНAнинг “Halalkhalij.com” нашрига таяниб хабар беришича, Қатар Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги Шайх Жосим бин Муҳаммад бин Соний Қуръони карим мусобақаларида асосий ўзгаришлар, жумладан, ҳакамлар қўмиталари ва аёллар тестларини ажратиш, ғолиблар сони ва ушбу мусобақаларнинг молиявий мукофотлари қийматини икки баравар оширишни эълон қилди.
Бу ҳақда Шайх Жосим Қуръони карим мусобақаси қўмитаси раҳбари Маллуллоҳ Aбдурроҳман ал-Жобир маълум қилиб, бундай деди: “Вақфлар вазирлигининг мусобақани янги таҳрирда ўтказиш тўғрисидаги қарори ушбу танловнинг мақсадларига эришиш учун фаолият ва ечимлар кўламини кенгайтиришда мусобақа ташкилий қўмитасининг нуфузини кучайтиришга олиб келади”.
Aл-Жобир бунга аниқлик киритди: “Мусобақа ташкилий қўмитаси Қуръони каримнинг аҳамияти ва мавқеини инобатга олиб, ушбу мусобақалар соҳасини, айниқса, аёллар ва қизлар тоифасини сифат жиҳатидан ўзгартириш, аёллар учун бўлимларни тўлиқ ажратишни мақсад қилган ҳамда эркаклар ушбу мусобақаларнинг барча босқичларида аёллар учун имтиҳонлар бўйича қўмита раҳбарлигида ҳаракат қилади. Бошқа томондан ташкилий қўмита аёлларнинг учта асосий номинацияси бўйича бешта ғолибни тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, ушбу мусобақаларда эркаклар ва аёллар учун ажратилган мукофотлар миқдори икки баробарга оширилиб, мактаб ўқувчилари тоифаси бўйича биринчи марта Шайх Жассим Қуръони карим мусобақаси бошланди.
Қатарда яшовчи фуқаролар ва муҳожирлар қатнашиши мумкин бўлган 30- Шайх Жассим Қуръони карим мусобақасида қатнашишга рўйхатдан ўтиш шу ой бошида бошланади ва якуний босқич октябрь ойида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди
имом-хатиби Шерзод Раҳимов
Манба: t.me/softalimotlar