Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Банда бирор касалликдан азоб чекаётганда, шифо сабабларини излаши шартдир. Бу борада шифокорга мурожаат этиш, дори-дармонларни қабул қилиш, сабрли бўлиш, шунингдек, касалликнинг олдини олиш талаб этилади.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин”. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.
Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.
Шифо оятларига қуйидагилар киради:
وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ
“(Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
“Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).
يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).
وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ
“Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур” (Шуаро сураси, 80-оят).
قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ
Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ижтимоий тармоқлар орқали диний, ижтимоий ва сиёсий мавзулардаги турли фикрлар кенг тарқалади. Айниқса, жамиятдаги долзарб воқеаларни диний нуқтаи назардан шарҳлайдиган видеолар ва материаллар аудиторияга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Психологияда манипуляция инсонга унинг мақсадларини яширин тарзда ўзгартириш ёки муайян ҳаракатга ундашга қаратилган таъсир сифатида тавсифланади.
Ахборот соҳасида манипуляция турли кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Масалан, воқеанинг фақат бир қисмини кўрсатиш, контекстни ўзгартириш, ҳис-туйғуларни кучайтириш, далилсиз хулосалар чиқариш ёки аудиторияни “биз” ва “улар”га ажратиш шулар жумласидандир.
Деструктив тарғибот деганда жамиятда ишончсизлик, адоват, кескин қарама-қаршилик ёки ижтимоий беқарорликни кучайтириши мумкин бўлган ғоя ва ахборотларни тарқатиш усуллари назарда тутилади.
ЮНЕСКО ахборот манипуляцияси, дезинформация ва фитна чиқарувчи контентни рақамли муҳитдаги муҳим муаммолар қаторида кўрсатади. Ташкилот медиа ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш орқали одамларни маълумотни танқидий таҳлил қилишга чақиради.
Контентда жамият доим икки гуруҳга ажратилса: “ҳақиқат бизда, бошқалар адашган”, “халқ ва улар”, “мўминлар ва душманлар” каби қарама-қаршиликлар мунтазам такрорланса, бу нафрат ва адоват уйғотувчи маълумотнинг билгисидир.
Муайян шахс ёки ташкилотга жиддий айблов қўйилади, аммо ишончли манба, ҳужжат ёки текшириладиган далил келтирилмайди. Бундай ҳолатда ҳам ижтимоий беқарорликни кучайтирадиган ахборот узатилаётган бўлади.
Муаллиф фақат ўз қарашини тасдиқлайдиган воқеаларни танлаб, унга зид бўлган фактлар ёки бошқа нуқтаи назарларни эътиборсиз қолдириши ҳам деструктив тарғибот белгиларидан ҳисобланади.
Қўрқув, ғазаб, нафрат, айбдорлик ёки адолатсизлик ҳиссини кучайтириш орқали аудиторияни далилни текширишдан кўра эмоционал реакцияга ундаш ҳам манипулятив усуллардан биридир.
Диний мавзудаги контентда оят ёки ҳадис келтирилиб, кейин ундан муайян сиёсий ёки ижтимоий хулоса чиқарилса, манбанинг асл маъноси ва бу ҳақдаги уламоларнинг хулосаларини ҳам ўрганиш зарур.
Диний матндан фойдаланишнинг ўзи манипуляция эмас. Муаммо матннинг маъносини ўзгартириш, контекстдан узиш ёки унга мавжуд бўлмаган маънони юклаш ҳолатида юзага келади.
Деструктив ахборот контентида баъзан турли, бир-бирига боғлиқ бўлмаган воқеалар ягона режанинг қисмлари сифатида талқин қилинади.
Масалан, “аввал шу воқеа бўлди, кейин бу қарор қабул қилинди, демак, иккаласининг ортида ҳам битта мақсад бор”.
Бундай хулоса учун воқеалар ўртасидаги боғлиқликни тасдиқловчи ишончли далиллар зарур. Акс ҳолда бу фақат тахмин бўлиб қолади.
Дезинформация одам ёки гуруҳни алдаш ёки манипуляция қилиш мақсадида атайлаб ёлғон ёки чалғитувчи ахборот тарқатишдир. Эътибор қиладиган жиҳати ҳар қандай хато маълумот дезинформация бўлмайди.
Маълумотнинг нотўғри экани билан бирга, уни тарқатган шахснинг нияти ва ахборотни қандай тақдим этгани ҳам муҳим.
Ахборотни танқидий қабул қилиш фикрни рад этиш эмас, аксинча, далилни текшириш, контекстни ўрганиш ва хулосани мустақил равишда шакллантиришдир.
Медиа ва ахборот саводхонлигини ахборотни танқидий баҳолаш ва рақамли муҳитда онгли қарор қабул қилиш кўникмалари шакллантиради.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби