Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фуқароларни қабул қилиш куни этиб белгиланган. Ушбу хайрли анъана Рабиул аввал (мавлид) ойида ҳам қизғин давом этмоқда.
Бугун, 18 сентябрь, фазилатли чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Диний идорага мурожаат ва таклифлар билан келган фуқароларни қабул қилди.
Қабулда юртимизнинг турли ҳудудларидан, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг шаръий масала, умра сафари, диний таълим, Қуръон курслари ва моддий ёрдам каби масалалардаги арз, муаммо ва таклифлари тингланди ва уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Хусусан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолияти, диний таълим ва умрага оид мурожаатлар кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Самимий қабулдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига ўз ташаккурларини изҳор этдилар.
Бу каби қабул жараёнлари ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликларида ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати