Шу йил 20-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик йўли: Мулоқот биргаликда уйғун яшашиннг асоси сифатида” XX Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этди.
Халқаро форумда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, жамоат ва дин арбоблари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Форумда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини замонавий таҳдидлар, динлараро муросасизликка қаратиб, дунё ҳамжамиятини тинчлик-осойишталикни қарор топтиришга чақирилди. Шунингдек, бугунги таҳликали даврда диний уламоларнинг самарали таъсир механизимини шакллантиришга урғу берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар мусулмонлар бирдамлиги, давлат ва дин муносабатлари, конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш, диний бағрикенглик, зўравонлик ва терроризмга қарши биргаликда курашиш каби мавзуларда чиқишлар қилди.
Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов мамлакатдаги дин ва жамоат ва арбоблари самимий билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотларда мазкур мамлакатда вақтинча яшаб меҳнат қилаётган ватандошлар фаолияти, яшаш тарзи, муаммолари ҳақида суҳбат қилинди. Жумладан, ватандошларимизнинг диний эътиқодини тўғри йўлга солиш, мазҳабсизликни олдини олиш каби масалаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, ватандошлар учун Ўзбекистондан имом-домлаларни жалб қилган ҳолда ўқувларни ташкил этиш, уларга таълим беришда юртимизда нашр этилган диний адабиётлардан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати