Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси халқаро форумда муваффақиятли қатнашди

23.09.2024   19173   1 min.
Ўзбекистон делегацияси халқаро форумда муваффақиятли қатнашди

Шу йил 20-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик йўли: Мулоқот биргаликда уйғун яшашиннг асоси сифатида” XX Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этди. 
 

Халқаро форумда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, жамоат ва дин арбоблари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.


Форумда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини замонавий таҳдидлар, динлараро муросасизликка қаратиб, дунё ҳамжамиятини тинчлик-осойишталикни қарор топтиришга чақирилди. Шунингдек, бугунги таҳликали даврда диний уламоларнинг самарали таъсир механизимини шакллантиришга  урғу берилди.


Сўзга чиққан нотиқлар мусулмонлар бирдамлиги, давлат ва дин муносабатлари, конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш, диний бағрикенглик, зўравонлик ва терроризмга қарши биргаликда курашиш каби мавзуларда чиқишлар қилди. 

Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов мамлакатдаги дин ва жамоат ва арбоблари самимий билан мулоқот ўтказди.


Мулоқотларда мазкур мамлакатда вақтинча яшаб меҳнат қилаётган ватандошлар фаолияти, яшаш тарзи, муаммолари ҳақида суҳбат қилинди. Жумладан, ватандошларимизнинг диний эътиқодини тўғри йўлга солиш, мазҳабсизликни олдини олиш каби масалаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.


Шунингдек, ватандошлар учун Ўзбекистондан имом-домлаларни жалб қилган ҳолда ўқувларни ташкил этиш, уларга таълим беришда юртимизда нашр этилган диний адабиётлардан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

        

 

 

Ўзбекистон делегацияси халқаро форумда муваффақиятли қатнашди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   37049   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари