Шу йилнинг 24 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда қатнашди.
Унда Шайхонтоҳур туманидаги “Шайхонтоҳур”, “Ўрда”, “Жангоҳ” маҳаллаларидан 300 нафар аҳоли вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Учрашувда Зайниддин домла ҳозирги кунда ёшлар тарбияси, фарзандларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ва ёшларнинг илм олиши муҳимлигини таъкидлаш баробарида ўзгаларга кўр-кўрона тақлиднинг салбий жиҳатларига тўхталиб ўтилди.
Мазмунли маъруза давомида фарзандларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, уларни қадриятларимизга мос равишда соғлом эътиқодли қилиб тарбиялашда ҳар бир ота-онанинг ўрни муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнгида аҳоли томонидан ижтимоий, ақидавий ва мазҳабсизликнинг салбий оқибатларига доир берилган саволларга жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати