Cавол: Ҳозирги кунда Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” китобини ўқияпман. Ўқиётган вақтимда таҳоратли бўлишим керакми? Умуман Қуръондан бошқа шунақа динга оид китобларни ёки Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини мутолаа қилганда таҳоратли бўлиш керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони карим китоби – мусҳафни таҳоратсиз ушлаш жоиз эмас. Қуръони карим ва тафсир китоблардан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз.
Аслида ушбу масала катта уламолар ўртасида ихтилофли масала бўлиб, Имом Абу Ҳанифа диний китобларни таҳоратсиз ушлашни жоиз десалар, у зотнинг икки шогирдлари – Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар макруҳ амал дейишган. Аллома Ҳалабий Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини қуйидагича изоҳлаганлар: “Фиқҳ, ҳадис каби диний китобларни ушлаган киши Қуръон оятларини ушлаган ҳисобланмайди, чунки китобда келтирилган оятлар ундаги маълумотларга қўшилиб, унга манусуб бўлиб қолади” (“Шарҳул-муня” китоби).
Мазҳабимизнинг кейинги давр фуқаҳолари ушбу масалада уч хил қарашни келтириб ўтганлар:
1. Диний китобларни таҳоратсиз ушлаш макруҳ.
Аллома Камол Ибн Ҳумумон фуқаҳоларни сўзларини нақл қилиб, шундай дейдилар:
“Фуқаҳолар: “Тафсир, фиқҳ, ҳадис китобларни таҳоратсиз ушлаш макруҳ, чунки ушбу китоблар Қуръон оятларидан холи эмас”, дейишган. Бундай сабаб келтириш наҳв китобларининг шарҳларини таҳоратсиз ушлашни ҳам ман қилади” (“Фатҳул Қодир” китоби).
2. Диний китоблардаги Қуръон оятлари ўрнини таҳоратсиз ушлаш макруҳ.
Яна бир тоифа фуқаҳолар барча диний китобларни ушлаш жоиз, фақат оят ўринларини ушлаш ножоиз, дейишган. Масалан, “Мухтасарул Қудурий”нинг шориҳи Аллома Ҳаддодий бундай деганлар: “Тафсир китобларнинг Қуръон оятлари ўрнини таҳоратсиз ушлаш жоизмас. Китобдаги оятлардан бошқа жойларини таҳоратсиз ушлаш жоиз. Шунингдек, фиқҳ китобларида Қуръон оятлари бўлса, оят ўрнидан бошқа жойларини таҳоратсиз ушлаш жоиз. Лекин мусҳафнинг ҳукми ундай эмас. Чунки мусҳафнинг ҳаммаси Қуръон оятларига мансуб ҳисобланади” (“Ас-Сирожул-ваҳҳож” китоби).
3. Тафсирдан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз.
Бу ҳақда машҳур фақиҳ Муҳаммад Мулла Хисрав бундай деганлар: “Тафсир китобларидан бошқа диний китобларни таҳоратсиз ҳолда қўл билан ушлашга рухсат этилган” (“Дурарул ҳуккам” китоби).
Мазҳабимизнинг мўътабар манбаларида келтирилган ушбу уч хил қарашни синчковлик билан таҳлил қилган Аллома Ибн Обидийн тафсирдан бошқа барча диний китобларни таҳоратсиз ушлаш жоиз эканини мазҳабимиз қоидаларига мувофиқ экани ва далил жиҳатдан асосли эканини таъкидлаб, жумладан бундай хулоса қилганлар: “Бу масалада далили кучлиси ва эҳиётроғи – учунчи тоифа фуқаҳоларнинг қарашидир. Яъни, таҳоратсиз ҳолда тафсир китобларини ушлаш макруҳ, ундан бошқа диний китобларни ушлаш жоиз эканидир. Чунки диний китоблар билан бошқа диний китоблар ўртасидаги фарқ очиқ маълум. Зеро, тафсирдаги Қуръон оятлари бошқа китобларга нисбатан кўпроқ бўлиб, шу жиҳатдан фарқи катта. Қолаверса, тафсир китобларда Қуръон оятлари мустақил зикр қилинган, тобеъ шаклда эмас. Шунинг учун тафсирни мусҳафга ўхшашлиги бошқа китобларга нисбатан кўпроқ” (“Раддул муҳтор” китоби).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, таҳоратсиз ҳолда тафсирдан бошқа диний китобларни ушлаш ва мутолаа қилиш жоиз экани келиб чиқади. Шундай бўлсада, имкони бор киши диний китобларни таҳорат билан ушлаши – тақвога ва шариатни улуғлашга яқин экани жиҳатидан мустаҳаб амал саналади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати