Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб бежиз бот-бот тинчлик ҳақида гапирмайдилар. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 78-сессиясида: «Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз», дея таъкидладилар ва шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурдилар.
Ана шу эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августдаги «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра, 2024 йил октябрь ойида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида юртимизда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади. Айни кунларда мазкур анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тайёргарлик кўриляпти.
Ҳақиқатан, бугунги кунда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифадир. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик – Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқиши айнан тинчлик ва осойишталикка бевосита боғлиқ.
Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿ يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ
بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ ﴾
«Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Моида сураси, 16-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса:
﴿ وَاللَّهُ يَدْعُو إِلَى دَارِ السَّلَامِ وَيَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ ﴾
«Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади» (Юнус сураси, 25-оят), деб марҳамат қилинган.
“Тинчлик диёри”нинг арабчаси оятда “Дорус салом” дейилган. У турлича тафсир қилинган. Масалан, “ас-Салом” Аллоҳнинг номларидан бири, “дор” жаннат. Демак, унинг маъноси, “Аллоҳнинг жаннати” бўлади. “ас-Салом” саломатлик, тинчлик маъноларини ҳам билдиради. Ҳадиси шарифда: “Кўзим уйқуда, қалбим уйғоқ пайтида қулоғимга овоз келди. У бир хожа ҳовли қурди, дастурхон ёзди ва зиёфатга таклиф этиш учун жарчи юборди. Таклифни қабул этган киши келиб, дастурхон узра меҳмон бўлади. Хожа бу – Аллоҳ, ҳовли – Ислом, дастурхон – жаннат, жарчи – Муҳаммад”, – дейилган (Абу Лайс Самарқандий, “Баҳрул улум”).
Ҳар намозда “Ассаламу ъалайна ва ъала ибадиллаҳис-солиҳийн”, яъни “Бизга ва солиҳ бандаларга Аллоҳнинг саломи бўлсин!” деб такрор-такрор айтишимиз бизга вожиб қилинди. Ҳар гал ташаҳҳудни ўқиганимизда ўзимизга ва солиҳ бандаларга салом ва тичлик сўраймиз. Шунингдек, намоз (фарз намоз)ни тугатибоқ, ҳадиси шарифга мувофиқ, уч марта истиғфор айтгач, яна: “Аллоҳумма антас салам ва минкас салам...”, яъни: “Эй Аллоҳим! Сен Саломсан ва салом (тинчлик) ҳам Сендандир...” дея дуо қиламиз.
Тинчлик Ислом шиорларидандир. Дарвоқе, Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаромнинг эшикларидан ҳамда жаннат дарвозаларидан бири номи ҳам айнан “Салом”дир. Шундай экан, уруш, ҳарб, муҳораба, жангу жадал, ур-йиқит, тўс-тўполон... – буларнинг ҳеч бири “тинчлик” билан ўзакдош Ислом ила ёнма-ён ишлатилиши мутлақо мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик тарафдори бўлганлар. Урушни жуда ёмон кўрганлар. Ҳатто “Ҳарб”, яъни уруш деб болаларга қўйилган исмларни ўзгартирганлар. Бунга Али розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далилдир. У киши айтади: «“Ҳасан туғилганида унга “Ҳарб” деб исм қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам келиб: “Менга ўғлимни кўрсатинглар. Унга қандай исм қўйдинглар?” дедилар. Мен: “Ҳарб” деб исм қўйдим”, дедим. У зот: “(Йўқ, ундай бўлмайди) балки у Ҳасандир”, дедилар...» (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа нарсаларни-ку қўя турайлик, биргина урушни ифодалайдиган исмга шунча эътибор қаратилган экан, демак, Ислом ҳар доим тинчлик тарафдори бўлиб келган. Динимизнинг ана шу гўзал жиҳатларини ҳар доим, айниқса, шу йилнинг 15–16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказиладиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” халқаро анжуманда бутун дунёга намоён этишимиз керак.
Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.