2024 йил 25–27 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида Қирғизистон мусулмонлари идораси томонидан IV халқаро Қуръон тиловати мусобақаси ўтказилмоқда.
Нуфузли мусобақада дунёнинг 30 мамлакатидан келган энг маҳоратли қорилар чиқишини Ислом оламида машҳур бўлган катта қори устозлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боради.
Мазкур мусобақада юртимиз номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси Абдулҳай қори Ҳасанов иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло қоримизга улкан зафар ва муваффақиятлар ато қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йил 13 майдан бошланади. 28 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар юртимизнинг 9 та ҳудудидаги Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:
– Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
– Эмлаш ишлари олиб борилди;
– Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
– Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
– Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:
– "Ҳаж – буюк ибодатдир" қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич.
Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати