Увайс Қараний милодий 621 йили туғилганлар. Ривоятларга кўра, ҳазрати пайғамбаримизни тушларида кўриб, исломга кирган, шу боис Увайс унвонига лойиқ топилган. (Увайс туш орқали таълим олиш маъносини беради). Ҳазрат Навоий “Насоимул-муҳаббат” асарида ёзишича, Увайс Қараний Уҳуд жангида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта тишлари синганини эшитиб, ўзларининг ҳамма тишини уриб синдирган эканлар.
Пайғамбаримиз билан бир замонда яшаган бўлсалар-да, у зот билан кўриша олмай, ғойибона имон келтирганлар. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ора-сира Яман тарафга юзларини буриб, бундай дер эдилар: “Яман томондан раҳмат шабадалари эсмоқда. Эҳсон ва эзгуликда тобеинларнинг энг яхшиси Увайс Қаранийдир”.
Орадан йиллар ўтиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳаётлари сўнгида муборак ҳирқаларини ечиб, Ҳазрати Умар билан Ҳазрати Алига берадилар ва: “Буни Увайс Қаранийга беринглар!” дея васият қиладилар.
Ҳазрати Увайс Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳаж қилиш учун Маккага келадилар. Ҳазрати Умар ҳам Увайс билан кўришишни орзу қилиб юрардилар. Яманликлар ҳаж қилиш учун келишганида Ҳазрати Умар Абу Қубайс тепалигига чиқиб, баланд овоз билан Яман ҳожилари орасида Увайс исмли киши бор-йўқлигини сўрайдилар. Яманликлардан узун соқолли киши ўрнидан туриб: “Эй Умар, бир Увайс бор орамизда. У жуда одамови, туяларимизга қўриқчилик қилиб ўтиради. Кечки пайтлари унга овқатини олиб бориб берамиз”, дейди. Ҳазрати Умар Увайс турган жойга борадилар. У билан суҳбатлашиб, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган киши шу одам эканига ишонч ҳосил қиладилар ва муборак омонатни — ҳирқаи шарифни унга топширишади. Кейинроқ бу ҳирқа қўлдан-қўлга ўтиб, Усмонийлар томонидан Истанбулга олиб кетилади. Айни пайтда бу хирқа Тўпқопи саройининг “Муқаддас омонатлар” бўлимида сақланади.
Бугунги кунда Увайс Қаранийнинг мақбаралари дунёнинг бир қатор мамлакатларида учрайди. Қорақалпоғистонда, Наманганда, Тожикистонда ва ҳатто Туркияда ҳам унинг номига барпо этилган қадамжолар бор. Эмишки, Увайс Қараний вафотларидан сўнг етти мамлакат подшоҳи уни ўз мамлакати ҳудудида дафн қилиш бўйича баҳслашади. Мўъжиза туфайли майит ҳар еттита қабрда пайдо бўлади.
Асл майит қайси бири экани ҳеч кимга маълум эмасмиш…
Шу қадамжолардан иккитаси ватанимиз ҳудудида жойлашган. Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги зиёратгоҳ ҳам, у жойлашган тоғ ҳам султон Увайс номи билан аталади. Маълумотларга қараганда, бу ерда Султон Увайс мақбаралари илк бора XIII асрда Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ буйруғига биноан қурилган. Аммо, Чингизхон қўшинлари томонидан вайрон қилинган. Орадан асрлар ўтиб, Хива хони Элтузархон, кейинчалик Оллоқулихон тарафидан мақбара қайта тикланади. Бироқ, собиқ тузум даврида мақбаранинг олтиндан ясалган қандили, олтин суви юритилган панжараси, гумбаз устидаги олтин қуббаси талон-тарож қилиниб, вайронага айлантирилган.
Яна бир зиёратгоҳ Наманган вилоятининг Чортоқ туман марказидан 35 километр узоқликдаги Балиқли кўл қишлоғида жойлашган. Увайс Қараний зиёратгоҳининг жанубий томонида оналари Биби Наима она зиёратгоҳи бор. Ривоятларга кўра, Увайс Қараний оналари билан билан шу манзилга келганлар. Оналари Биби Наима шу ерда қазо қиладилар. Жасадни ювиб, дафн қилиш учун сув тополмаган Увайс Қараний Яратганга муножот қиладилар. Шунда ердан бир булоқ отилиб чиқади. Бу булоқ ҳозиргача сақланиб қолган. Қизиғи шундаки булоқ суви ҳафтанинг маълум кунлари сутранг кўринишга киради, кейин эса яна тиниқлашади. Булоқ суви кўплаб касалликларга шифо эмиш.
Увайс Қаранийнинг яна бир зиёратгоҳлари Тожикистон Республикаси жанубидаги Хатлон вилояти Ховалинг ноҳиясида жойлашган. Маҳаллий аҳоли вакиллари буюк авлиё айнан шу ҳудудда дафн қилинганига ишонадилар.
Увайс Қаранийнинг навбатдаги қабрлари Туркиянинг Жануби-шарқий қисмидаги Сиирт вилояти Байкан туманида жойлашган. Мақбара Усмонийлар салтанатининг сўнгги йилларида, аниқроғи 1901 йилда Абдулҳамид Иккинчи томонидан тикланган.
М.Турдалиева, И.Исматов (видео) ЎзА
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати