"Ўқитувчи ва мураббийлар куни" арафасида Қўқон шаҳридаги "Амирий" кутубхонасида Қўқон шаҳар бош имом-хатиби Абдумажид домла Исақовнинг "Баҳрул-маҳабба", "Замзам сувининг фазилатлати" ва "Аҳлингизни асранг, азизлар" китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги бош муҳтасиби Иқболжон Аҳмадалиев ва бир қатор мутасаддилар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳаза ва табрикларини изҳор қилдилар.
Тақдимотда сўзга чиққанлар томонидан Абдумажид домланинг дин ва ватан ривожи йўлида амалга ошираётган самарали хизматлари тилга олиниб, халқимизга туҳфа қилинган янги нашрлар ёшларни имон-эътиқодли, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, айниқса, ёш оилалар учун "Аҳлингизни асранг, азизлар" китоби айни вақтида нашр этилганини эътироф этдилар.
Тадбирда якунида Абдумажид домла Исақовга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида ташкил этилган "Юрт ифтихори" эсдалик нишони топширилиб, устознинг келгуси фаолиятларига муваффақият тиланди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳни зикр қилиш ила қалблар ором олур...
Мусулмон мутахассисларнинг бир неча ўрганишлари, тадқиқотларидан, шунингдек, америкалик олимлар олиб борган изланишларидан маълум бўлишича, Аллоҳ таоло ҳақида фикр юритиш, тафаккур инсоннинг руҳий изтиробларини, оғриқ-аламларини енгиллатар экан.
Тадқиқотларнинг натижасига кўра, Аллоҳ таоло ҳақида тафаккур қилиш асносида мияда содир бўладиган электромагнит тўлқинларда ўзгариш юзага келади. Шунинг учун шифокорлар беморларга кўпроқ зикр қилиб, дуога машғул бўлишни тавсия қилишади. Бу нарса беморнинг шифо топишида, хусусан, сурункали касалларда катта ёрдам беради.
Субҳаналлоҳ... Ўзини зикр қилишни буюрган ва Ўзининг зикрини қалбга роҳат ва хотиржамлик этиб қўйган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир!
«Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш ила ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш ила қалблар ором олур» (Раъд сураси, 28-оят).