Шу кунларда Қозоғистонда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг V йиғилиши доирасида мазкур тузилма ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг “Туркий дунё: фатво беришнинг методологияси ва ўзига хос хусусиятлари” мавзусида I-халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, 2023 йил 25 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг IV йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг таклифиги биноан мазкур Фатво ҳайъати тузилган эди.
Ўтган куни ўтказилган ушбу ҳайъатнинг илк йиғилиши қизғин баҳс-мунозаларга бой бўлиб, уламолар ва мутахассислар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг ўзаро тажриба алмашишини ташкил этиш, фатво бериш тартибларига риоя этиш, замонавий масалалар, долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоавий фатволар ишлаб чиқиш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъати йўриқномаси ва Ислом дини шаръий далилларга зид бўлмаган урф-одатларни эътиборга олиши тўғрисидаги ҳужжатлар кўриб чиқилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фаолияти ҳақида маълумот берилиб, ушбу марказ тўғрисида видеолавҳа намойиш этилди. Шу билан бирга, марказ томонидан нашр этилган “Фатволар тўплами” китоби тақдимот қилинди.
Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари Ўзбекистондаги мазкур йўналишдаги ишларга юқори баҳо берди, хусусан, “Фатволар тўплами” китобини туркий тилларга таржима қилиш таклифи билдирилди.
Мулоқот якунида Ўзбекистон томонининг таклифига биноан ушбу ҳайъат туркий давлатларда оила, никоҳ ва ажрим борасидаги муаммоли масалаларни ўрганиб, жамоавий фатво ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати