Қозоғистон сафари асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги жума намозини адо этиш учун қардош муфтийлар билан бирга Остона шаҳридаги Қозоғистон бош масжидига келдилар. Дастлаб мартабали меҳмонлар мазкур маҳобатли масжидда намозхонларга яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи муҳтарам меҳмонларни намозхонларга таништириб, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига сўз берди.
Ўзбекистон муфтийси масжидга йиғилган мўмин-мусулмонларга ўзларининг салом ва илиқ тилакларини билдирган ҳолда, дўсту биродарлик фазилати, тинчлик-осойишталик неъмати ҳақида сўз қилдилар. Қозоғистон мезбонлигидаги Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши йиғилиши ва унинг доирасидаги тадбирлар юқори савияда муваффақиятли ўтгани, учрашув ва ҳамкорлик алоқалари қардош халқлар дўстлигига улкан ҳисса қўшишини алоҳида қайд этдилар.
Жума намози давомида қардош давлатлар муфтийлари минглаб намозхонлардан иборат катта жамоат билан Ҳақ таолодан бутун дунёда тинчлик-осойишталик бўлиши, диндош ва қондош халқларимиз аҳллиги бардавом бўлишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мисрлик ёзувчи Анис Мансурнинг ота-она ҳақида ёзган энг гўзал сўзлари:
"Ота-онанг сени ташлаб кетганларидан сўнг афсусланасан. Чунки сен уларга бирор ёрдам ёки бирор нарса таклиф қилганингда, улар "ҳожати йўқ", "керак эмас қўявер" дейишарди, сен эса уларга ишонардинг, виждонингни тинчлантирар эдинг – ҳақиқатан отамга керак эмас, онам ҳеч нарса истамаяпти, деб ўйлардинг.
Оталарингиз ва оналарингиз "ҳеч нарса керак эмас" деганларида уларга ишонманг. Улар буни сизни ўйлаб, сизни ҳолатингизни инобатга олиб ёки сиздан ҳижолат бўлиб айтишади... Сиз улардан сўрамасдан, уларга такаллуфлик қилмасдан, улардан рухсат олмасдан беринг, ҳадя қилинг.
Кўпчилик одамлар алдангани каби сиз ҳам отангизнинг қарилигига алданманг. Онангизнинг ёши улуғлиги, ожизлиги ёки соддалиги сизни алдаб қўймасин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ичида эркалатишга ва эътиборга муҳтож бўлган бир бола яшайди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ