Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2025   |   18 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:00
Қуёш
05:29
Пешин
12:33
Аср
17:23
Шом
19:30
Хуфтон
20:52
Bismillah
12 Август, 2025, 18 Сафар, 1447
Янгиликлар

Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза

07.10.2024   7653   1 min.
Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза

Қозоғистон сафари асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги жума намозини адо этиш учун қардош муфтийлар билан бирга Остона шаҳридаги Қозоғистон бош масжидига келдилар. Дастлаб мартабали меҳмонлар мазкур маҳобатли масжидда намозхонларга яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар. 

Шундан сўнг Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи муҳтарам меҳмонларни намозхонларга таништириб, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига сўз берди. 

Ўзбекистон муфтийси масжидга йиғилган мўмин-мусулмонларга ўзларининг салом ва илиқ тилакларини билдирган ҳолда, дўсту биродарлик фазилати, тинчлик-осойишталик неъмати ҳақида сўз қилдилар. Қозоғистон мезбонлигидаги Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши йиғилиши ва унинг доирасидаги тадбирлар юқори савияда муваффақиятли ўтгани, учрашув ва ҳамкорлик алоқалари қардош халқлар дўстлигига улкан ҳисса қўшишини алоҳида қайд этдилар.

Жума намози давомида қардош давлатлар муфтийлари минглаб намозхонлардан иборат катта жамоат билан Ҳақ таолодан бутун дунёда тинчлик-осойишталик бўлиши, диндош ва қондош халқларимиз аҳллиги бардавом бўлишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза Қозоғистон бош масжиди зиёрати ва қардош халқларга чиройли мавъиза
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ким Аллоҳ учун тарк қилса...

11.08.2025   1499   4 min.
Ким Аллоҳ учун тарк қилса...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен бирор нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилсанг, Аллоҳ таоло сенга ундан-да яхшироғини ато қилади” [1], деганлар.

Ким “одамлар нима деркин”ни ташлаб, юзинг-кўзинг қилиб ўтирмасдан Аллоҳ таолодан бошқадан умидини узса, Аллоҳ таоло унга тарк қилганларидан кўра яхшироғини беради. Уни нафснинг иззати, махлуқотдан беҳожат бўлиш билан ризқлантиради. Бу борада Набий алайҳиссалом шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким иффатли бўлиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ унинг иффатини сақлайди. Ким одамларга сарғайиб юришдан қутулиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ таоло уни беҳожат қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга уринса, Аллоҳ таоло уни сабрли бандалардан қилади”[2].

Ким Аллоҳнинг қадарига эътироз қилишни ташласа ва ҳамма ишларини Роббига топширса, Аллоҳ таоло у бандани рози бўлиш ва кучли иймон билан сийлайди ҳамда унинг ишини шу даражада гўзал ниҳояга етказадики, у бу ҳолни етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди.

Ким фолбин ва сеҳргарлардан юз ўгирса, Аллоҳ таоло унга сабрни насиб этади, таваккул  ва тавҳиднинг ҳақиқати билан сийлайди.

Ким дунё матоҳларига қиё боқмаса, Аллоҳ унинг ишларини илгари қилади, қалбига сокинлик беради. Ўзи хоҳламаса-да, дунё унга эшикларини очади.

Ким Аллоҳгагина ибодат қилса, фақат ягона Аллоҳдан қўрқса, ваҳималардан қутулади. Аллоҳ таоло уни омонда сақлайди. Қўрқинчли нарсалар ҳам у учун саломатлик, оромбахш бўлиб қолади.

Ким ёлғонни тарк этиб ростгўйликни маҳкам тутса, Аллоҳ уни яхшилик томон йўллаб қўяди ва Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлар сафида бўлади, одамлар орасида ростгўйлик ила танилади ва шу орқали одамлар унинг гапларига қулоқ солади, унинг ҳурматини қиладиган бўлади.

Ҳақ бўлса-да, тортишувни тарк этгани эвазига Аллоҳ таоло жаннатда бир уй насиб қилади. Душманнинг ёмонлигидан асрайди. Қалби мусаффо бўлади. Унинг айбларини очадиганлардан омонда сақлайди.

Олди-сотдида алдовни тарк этганга нисбатан одамларнинг ишончи ортади. Унинг савдосида харидорлари сони кўпайиб боради.

Ким ҳаром нарсаларга қарамаса, Аллоҳ қалбига бир лаззатни ато этади.

Бахилликдан сақланиб, саховатпешаликни устун қўйган кишини одамлар ҳам яхши кўради. Аллоҳга ва жаннатга яқинлашади. Ғам-ташвишлардан енгиллайди. Фазилат бобида мартабаси ортиб боради. «...Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топ­гувчидирлар»[3].

Кибрланишни четга суриб, камтаринликни шиор қилиб олган кишининг қадри ошади. Бу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзларидир: “Ким Аллоҳ учун тавозели бўлар экан, Аллоҳ унинг қадрини кўтармай қўймайди” [4].

Ким кўп уйқу ва унинг лаззатидан воз кечиб, вақтини Аллоҳнинг ризоси учун намоз ўқиш билан ўтказса, Аллоҳ таоло унга шодлик, тетикликни ато этади.

Ичиш-чекишнинг барча турларининг яқинига йўламаган кишига Аллоҳ Ўзи мададкор бўлади. Унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат насиб этади. Бу бахт ҳақиқий бахт бўлади, кайф қилгандаги сохта бахт эмас.

Ким қодир бўла туриб, қасос ва ўч олмаса, Аллоҳ унинг кўксини кенг қилиб қўяди. Қалбига сурур беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандани афв қилишидан фақат ва фақат унинг иззати ортади”[5], деганлар.

Ёмонлар билан ҳамтовоқ бўлишдан сақланганни Аллоҳ таоло яхши кишиларга йўлиқтиради. Ҳалолдан ризқ топади, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритади. 


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Аҳмад ривояти.
[2]  Имом Бухорий ривояти.
[3]  Ҳашр сураси, 9-оят.
[4]  Имом Муслим ривояти.
[5]  Имом Муслим ривояти.