Ҳомиладор аёл турмуш ўртоғидан:
– Ўғил кутяпсизми ёки қиз? – деб сўради.
Эр:
– Агар ўғил бўлса, мен унга математикани ўргатаман, биргаликда спорт билан шуғулланамиз, балиқ овлашга борамиз, – деди.
Аёл:
– Қиз бўлса-чи?!
– Агар қиз бўлса, унга ҳеч нарса ўргатишим шарт эмас. Чунки унинг ўзи менга ҳамма нарсани ўргатади: қайдай кийинишни, қандай овқатланишни, нима дейишни ва нима демасликни ҳам. Хуллас, у менинг иккинчи онам бўлади! Мени ўз қаҳрамони деб билади. Ҳатто ниманидир рад этсам ҳам, доимо у мени тўғри тушунади. Оила қургач, қизим турмуш ўртоғини мен билан солиштиради. У неча ёшда бўлишидан қатъи назар, ҳар доим менинг яхши муомала қилишимни хоҳлайди. У мен учун қайғуради. Агар кимдир мени хафа қилса, уни ҳеч қачон кечирмайди...
– Демак, қизингиз буларнинг ҳаммасини эплайди, лекин ўғлингиз қилмайди. Шундайми?!
– Йўқ! Эҳтимол, у ҳам шундай қилар, лекин ўғлим аввал буларни қилишни ўрганади. Аммо қизлар бунга лаёқатли ҳолда туғилади. Қиз боланинг отаси бўлиш ҳар қандай эркак учун фахрдир!
– Аммо у биз билан доим бирга бўлмайди-ку, – деди аёли.
– Ҳа, лекин биз унинг дуоларида ва қалбида абадий яшаймиз. Шунинг учун қизимнинг қаерга кетиши муҳим эмас.
Рус тилидан Акбаршоҳ РАСУЛОВ таржимаси
Ҳанафий мазҳабимизда «ишораи саббоба» суннат амал хисобланади. У тўғрисида бир неча ҳадису шарифлар ворид бўлиб, қуйидаги манбаларда у тўғрисида ва қандай қилиниши борасида тўхталиб ўтилган. Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадои’ус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур ри'оя”, “Эъло’ус сунан” каби мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган. Бу ҳақида Алий Қорий иккита “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” ва “Ат-тадҳийну лит тазаййун”, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Талҳисул ҳобир”, Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли бир қатор рисолаларда ҳам ёзиб ўтганлар.
Имом Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб кўрсаткич бармоқларини кўтариб ишора қилардилар. Чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеъинлар амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар. Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳуалайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, дердилар.
Алий Қорий “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўмин бандани адаштириши, ширкка олиб боришдан бўлган умидини кесади”.
Имом Суютий “Жомеъул кабир” китобларида Уқба ибн Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.
Ибн Обидийн “Рафъул тараддуд” номли китобларидаги «ишораи саббоба» ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.
«Ишораи саббоба» қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеъинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳамммад, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар «ишораи саббоба» суннат эканлигига иттифоқ қилишган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «ишораи саббоба»ни ташаҳҳудга ўтирганда, дуони ўқиб “Ашҳаду анна...” деганда намозхон ўнг қўлни кўрсатгич бармоғини кўтаради, “иллаллоҳ” деганда туширади. Ташаҳҳуд дуосини аввалидан қўлни қимирлатиб туриш дуруст эмас. Шуни такидлаш лозимки, «ишораи саббоба» ривоятларидан бехабар бўлиб, бу амални қилмаган намозхонни асло маломат қилинмайди.
Наманган шаҳар "Мулла Бозор Охунд" жоме масжиди
имом ноиби Анвархон Акрамов
Манба: @Softalimotlar