Ўзбекистон қадимдан илму маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий-маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маънавий мероси, жаҳон илм-фани, цивилизация ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё олимлари ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳамиша юксак эътироф этилади.
Кейинги йилларда алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига муносиб баҳо бериш борасида изланишлар олиб бориш бўйича Янги Ўзбекистон янгидан янги имкониятлар эшигини очиб берди. Хусусан, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан диний соҳада олиб борилган туб ислоҳатлар натижасида халқаро доирада эътироф этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, соҳадаги турли халқаро илмий-тадқиқот марказлари кабилар ташкил этилгани, шунингдек Имом Термизийнинг таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилингани изчиллик билан амалга оширилаётган тарихимизни қайта тиклаш, уни илмий, тарихий ва ҳаётий ҳақиқат нуқтаи назаридан туриб янгитдан талқин этиш жараёнининг мантиқий давомидир. Табиийки, улардан унумли фойдаланиш халқимизга маънавий куч-қудрат бахш этади, ғурурини уйғотади.
Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш доирасида жорий йилнинг октябрь ойида дастлаб Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда ушбу конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади.
Ушбу анжуманни ўтказишдан мақсад, муқаддас динимизнинг илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, қарорга мувофиқ Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш ишлари амалга оширилади. Бу орқали халқимиз буюк бобомизнинг илмий мероси, ислом динининг асл таълимотлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Имом Абу Исо ат-Термизий мажмуасида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмалари ташкил этиш орқали соҳа вакиллари, юртимиз аҳолиси, ёшлар ва сайёҳларнинг Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятини чуқур ўрганиш, уларга бўлган эътиборни ошишида хизмат қилади.
Имом термизий таваллудини нишонлаш чора тадбирлари доирасида барча термизий алломаларнинг илм-фанга қўшган беқиёс илмий асарларини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишни назарда тутган тадбирлар ҳам амалга оширилади. Жумладан, “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилиши қарорда ўз аксини топган.
Ушбу маърифий тадбир доирасида Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танлови ўтказилади. Имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танлови, давра суҳбатлари ўтказилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг устоз ва талабалари Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган илмий мақола ва медиа маҳсулотлар тайёрлаб, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш ишларини бошлаб юборганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Жумладан, шу кунга қадар, аллома ҳаёти ва ижодига бағишланган элликдан зиёд материаллар тайёрланиб, матбуот ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Бир сўз билан айтганда буюк мутафаккир алломларимизнинг илмий асарлари даврлар ўтиши билан аҳамиятини йўқотмаганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айни бизу сиз яшаб турган шу кеча кунларимизда ҳам ушбу илмий меросларга мурожаат қилиш, ўрганиш, кенг тарғиб этиб, ҳаётга татбиқ қилишга эҳтиёж сезилмоқда. Имом Термизийнинг ўзлари “Сунани Термизий” асари ҳақида: “Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур”, деган эдилар. Шу боисдан Имом Термизийнинг ҳаёти ва мероси дунёнинг турли бурчакларида яшовчи, дини ва миллатидан қатъий назар, кўплаб олимларнинг илмий изланишлари мавзусига айланган десак, муболаға бўлмайди.
Аллома мероси, нафақат ислом тафаккури ва тарихи саҳифаларини ёритишда, балки, бутун инсониятни доимий равишда безовта қилиб келган саволларга жавоб излашда долзарб бўлиб қолмоқда. Шундай экан Имом Термизийнинг таваллуд саналари муносабати билан амалга оширилиши назарда тутилган барча чора тадбирлар халқимиз ва бутун дунё аҳолиси учун манфаатдан холи бўлмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Зайниддин домла Эшонқулов
Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.
Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!
"Имом Бухорий" ордени:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;
Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!
Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати