frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

Кимнинг уйида бу китобдан бўлса...

07.10.2024   5386   5 min.
Кимнинг уйида бу китобдан бўлса...

Ўзбекистон қадимдан илму маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий-маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маънавий мероси, жаҳон илм-фани, цивилизация ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё олимлари ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳамиша юксак эътироф этилади.

Кейинги йилларда алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига муносиб баҳо бериш борасида изланишлар олиб бориш бўйича Янги Ўзбекистон янгидан янги имкониятлар эшигини очиб берди. Хусусан, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан диний соҳада олиб борилган туб ислоҳатлар натижасида халқаро доирада эътироф этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, соҳадаги турли халқаро илмий-тадқиқот марказлари кабилар ташкил этилгани, шунингдек Имом Термизийнинг таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилингани изчиллик билан амалга оширилаётган тарихимизни қайта тиклаш, уни илмий, тарихий ва ҳаётий ҳақиқат нуқтаи назаридан туриб янгитдан талқин этиш жараёнининг мантиқий давомидир. Табиийки, улардан унумли фойдаланиш  халқимизга маънавий куч-қудрат бахш этади, ғурурини уйғотади. 

Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш доирасида жорий йилнинг октябрь ойида дастлаб Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда ушбу конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади.

Ушбу анжуманни ўтказишдан мақсад, муқаддас динимизнинг илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган  Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш ишлари амалга оширилади. Бу орқали халқимиз буюк бобомизнинг илмий мероси, ислом динининг асл таълимотлари билан яқиндан танишиш имконига  эга бўлади.

Имом Абу Исо ат-Термизий мажмуасида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмалари ташкил этиш орқали соҳа вакиллари,  юртимиз аҳолиси, ёшлар ва сайёҳларнинг Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятини чуқур ўрганиш, уларга бўлган эътиборни ошишида хизмат қилади.

Имом термизий таваллудини нишонлаш чора тадбирлари доирасида барча термизий алломаларнинг илм-фанга қўшган беқиёс илмий асарларини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишни назарда тутган тадбирлар ҳам амалга оширилади. Жумладан,  “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилиши қарорда ўз аксини топган.

Ушбу маърифий тадбир доирасида Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танлови ўтказилади. Имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танлови, давра суҳбатлари ўтказилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг устоз ва талабалари Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган илмий мақола ва медиа маҳсулотлар тайёрлаб, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш ишларини бошлаб юборганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Жумладан, шу кунга қадар, аллома ҳаёти ва ижодига бағишланган элликдан зиёд материаллар тайёрланиб, матбуот ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.  

Бир сўз билан айтганда буюк мутафаккир алломларимизнинг илмий асарлари даврлар ўтиши билан аҳамиятини йўқотмаганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айни бизу сиз яшаб турган шу кеча кунларимизда ҳам ушбу илмий меросларга мурожаат қилиш, ўрганиш, кенг тарғиб этиб, ҳаётга татбиқ қилишга эҳтиёж сезилмоқда. Имом Термизийнинг ўзлари “Сунани Термизий” асари ҳақида: “Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур”, деган эдилар. Шу боисдан Имом Термизийнинг ҳаёти ва мероси  дунёнинг турли бурчакларида яшовчи, дини ва миллатидан қатъий назар, кўплаб олимларнинг илмий изланишлари мавзусига айланган десак, муболаға бўлмайди.

Аллома мероси, нафақат ислом тафаккури ва тарихи саҳифаларини ёритишда, балки, бутун инсониятни доимий равишда безовта қилиб келган саволларга жавоб излашда долзарб бўлиб қолмоқда. Шундай экан Имом Термизийнинг таваллуд саналари муносабати билан амалга оширилиши назарда тутилган барча чора тадбирлар халқимиз ва бутун дунё аҳолиси учун манфаатдан холи бўлмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Зайниддин домла Эшонқулов 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

27.06.2025   3515   3 min.
Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.


Муҳаррам ойи қандай ой?

Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


 Ашуро қандай кун?

Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).


 Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).


Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


 Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


 Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.


 Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
 Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари