Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар ташкилотининг юксак минбаридан Ўзбекистоннинг эзгу вазифаси – Ислом динини цивилизация сифатида ўрганишнинг янги концепциясини дунёга тақдим этишни эълон қилганига саноқли йиллар ўтди.
Икки муҳташам бино-маънавият марказлари қурилиши бошланди: Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий маркази ва қадимги Тошкент қоқ марказидаги Ислом цивилизацияси маркази, бу ерда 2017 йилда келажак авлодларга маънавий меъросни етказиш пойдевори қўйилган эди.
Ислом оламида ўхшаши бўлмаган бу икки улуғвор иншоот Темурийлар Уйғониш даврининг энг яхши меъморий анъаналарини замонавий услублар, шакллар ва технологик ечимлар билан уйғунлаштиради.
Ислом цивилизацияси маркази ўз фаолияти бошланишидан аввал ҳам эски шаҳарнинг безакига айланган эди. Бутун дунёдан минглаб сайёҳлар унинг архитектурасига қойил қолишади, уни суратга олишади ва ижтимоий тармоқларда суратларини баҳам кўришади.
Эътиборлиси, бу бинога Ўзбекистон фуқароларидан кўра кўпроқ хорижлик сайёҳлар қизиқиш билдиришади. Эҳтимол, бу аҳолининг мамлакатдаги бунёдкорлик ўзгаришларига ва ободонлаштиришга ўрганиб қолганлиги билан боғлиқдир.
Мустақиллик бизгача етиб келган нодир обидаларнинг сақланиб қолишига имкон яратди. 2019 йилда уларнинг барчаси Ўзбекистон миллий маданий мероси рўйхатига киритилди ва уларни қайта тиклаш бошланди.
Айнан шу дамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси хайрли ташаббусларни илгари сурди. Ислом цивилизацияси марказининг маҳобатли биноси рўпарасида жойлашган қадимий маҳаллалар қаърида илк намунавий ўзгаришлар рўй берди. Жамғарма иккита меъморий маданий мерос объектини реставрация ва реконструкция қилиш ташаббуси билан чиқди.
Гап нафақат реставрация ҳақида, балки ушбу объектларнинг арт-резиденция шаклида маънавий-креатив ҳаёт калити бўлиши ҳақида бормоқда. Бу ерда қадимдан мерос бўлиб қолган анъана ва турмуш тарзига кўра, ҳаёт ҳамон эски кунлардагидек давом этаётган маҳаллаларда креатив иқтисодиётининг илк марказлари пайдо бўлади.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган Креатив иқтисодиётга бағишланган конференция давомида эҳтимол, дунёга кўринмас, аммо эски шаҳар, юртимиз, жамиятимиз ҳаёти учун ўта муҳим воқеалар бўлиб ўтгани эътиборга молик. Хорижлик меҳмонлар иштирокида тарихий “Намуна” ва “Ҳасти Имом” маҳаллаларида арт-резиденцияларининг очилиши бўлиб ўтди. Дарвоқе, бу маҳаллалар аллақачон ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари дастлабки рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими 2025-2026 ўқув йили учун олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш саналарини эълон қилади:
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти,
Мир Араб олий мадрасаси,
Ҳадис илми мактаби,
Имом Термизий номидаги ислом институти ва
барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларига
2025 йил 25 июндан 20 июлгача давом этади.
Олий диний таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни топширади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
Хорижий давлатлардаги диний таълим муассасаларини тамомлаган ва мамлакатимизда нострификациядан ўтказилган дипломга эга бўлган абитуриентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
маълумоти тўғрисида аттестат ёки диплом нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
чет тилини билиши тўғрисидаги ҳужжат асл нусхаси (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа тилда имтиҳон топширувчилар учун).
Маълумот ўрнида: Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади. Жорий йилда ўқишни тамомлаб, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган абитуриентлардан эса тўлов ундирилмайди.
2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz (https://t.me/qabulmuslimuz) телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати