Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Омийн махфий айтиладими ёки жаҳрийми?

08.10.2024   9188   3 min.
Омийн махфий айтиладими ёки жаҳрийми?

Ҳанафий мазҳабига кўра, Фотиҳа сурасидан кейин омийнни ҳар бир намозхон ичида (махфий) айтади. Барча мужтаҳид уламоларимизнинг наздларида намозда Фотиҳа сурасидан кейин “омийн”ни айтиш суннат ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабимиз ва моликий мазҳабида “омийн”ни овоз чиқармай айтиш керак бўлади. Бунга қуйидаги маълумотлар далил қилиб келтирганлар:

  1. “Омийн” лафзи дуодир. Унинг маъноси “ижобат қил”, яъни “дуони қабул қил”, демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай дедилар: “Ичида (махфий) қилинган дуо устида (ошкор) қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади” (Имом Абу Шайх ривояти).

Муҳаддис Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” асарида ушбу ҳадисни келтиради: “Дуонинг яхшиси махфийсидир”.

Демак, “омийн”ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.

  1. Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо “(Намоз ичидаги) бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омийн”ни ҳам овоз чиқариб айтишмасди” (Имом Табароний ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган ҳазрат Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо каби саҳобийларнинг “омийн”ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам “омийн”ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади.

Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг исмлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.

  1. “Омийн” лафзини Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, ушбу лафз арабча ҳам эмас. “Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса ҳам “Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “омийн”ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!
  2. Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган.

Агар “омийн”ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, у зот алайҳиссалом бу нарсани баён қилган бўлардилар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб “омийн”, деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айниқса имомга иқтидо қилган кишиларнинг “омийн”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.

 “Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Таниқли уламолар "Имом Бухорий" ордени билан тақдирланди

22.08.2026   39562   1 min.
Таниқли уламолар

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.

Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!

"Имом Бухорий" ордени:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;

Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!

Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!

Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари