Тошкент шаҳар имом-хатиблари иштирокида сайёр йиғилишлар, маърифий тадбирлар, ҳожилар билан биргаликда маънавият тарғиботи ишлари фаол олиб борилмоқда.
Шу йил 7 октябрь куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имом-хатиблар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фаолиятни янада ривожлантириш бўйича тавсиялар бериш борасида амалга ошириладиган амалий ишларни тушунтирди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари, имом-хатиблар, отинойилар, фаол ҳожилар биргаликда маҳаллалардаги эҳтиёжманд, нотинч хонадонларга кирилиб, уларнинг муаммолари ўрганилиб, таклиф, фикр-мулоҳазалари тингланди. Натижада кун давомида 150 та оилага кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Хусусан, нотинч бўлиб турган 20 та оилага насиҳат қилиниб, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Шунингдек, 50 га яқин ёт ғоялар ва гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолган кишилар билан суҳбатлашилиб, уларга тўғри йўл кўрсатилди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган ва бемор кишилар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, яхши сўзлар билан уларнинг кўнгли кўтарилиб, дори дармон, озиқ-овқат, кийим-кечаклар улашилди, моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Мазкур хайрли ишлар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан