Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳам динимиз талаби, ҳам миллий қонунларимиз инъикосидир. Зеро, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримиз ҳақларига риоя қилмаган киши биздан эмас», деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимиздаги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига ташриф буюриб, у ерда доимий яшаётган ўзгалар кўмагига муҳтож кекса отахону онахонлар ҳолидан хабар олдилар.
Абдуқаҳҳор домлани Фарангиз Акрамова кутиб олди.
Вазирлар Маҳкамасининг "Кексалар ҳафталиги" доирасида ўтказилаётган ушбу тадбир ёши улуғларимизни мамнун этмоқда.
Шундан сўнг отахону онахонлар эъзозу эҳтиром ила махсус автобусларда «Tashkent city» кўнгилочар масканига олиб борилиб, саёҳат уюштирилди.
Ёши улуғ инсонлар пойтахтимизнинг қоқ марказидаги обод масканларни айланиб, томоша қилиб, кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободлик ишларига юксак баҳо бериб, бу эзгу ишларнинг бошида турган азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар.
Сўнгра азиз меҳмонлар «Райҳон» миллий таомлари ошхонасида тушлик қилишди.
Автобусларда ёши улуғ инсонлар яна ўз манзилларига етиб олишди. Уларга Тошкент шаҳар вакиллиги жамоаси томонидан совғалар, ҳадялар улашилди.
Ҳа, кексаларимизнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг хизматини қилиш – катта савоб. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, оғирини енгил, узоғини яқин қилишдан банда-ку севинади, Яратган ҳам рози бўлади.
Аллоҳ таоло хайрсевар инсонлардан рози бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати