frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Янгиликлар

Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа)

08.10.2024   23357   1 min.
Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа)

Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳам динимиз талаби, ҳам миллий қонунларимиз инъикосидир. Зеро, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримиз ҳақларига риоя қилмаган киши биздан эмас», деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти). 

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов пойтахтимиздаги Ижтимоий  қўллаб-қувватлаш марказига ташриф буюриб, у ерда доимий яшаётган ўзгалар кўмагига муҳтож кекса отахону онахонлар ҳолидан хабар олдилар. 
Абдуқаҳҳор домлани Фарангиз Акрамова кутиб олди. 

Вазирлар Маҳкамасининг "Кексалар ҳафталиги" доирасида ўтказилаётган ушбу тадбир ёши улуғларимизни мамнун этмоқда. 

Шундан сўнг отахону онахонлар эъзозу эҳтиром ила махсус автобусларда «Tashkent city» кўнгилочар масканига олиб борилиб, саёҳат уюштирилди.

Ёши улуғ инсонлар пойтахтимизнинг қоқ марказидаги обод масканларни айланиб, томоша қилиб, кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободлик ишларига юксак баҳо бериб, бу эзгу ишларнинг бошида турган азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар.

Сўнгра азиз меҳмонлар «Райҳон» миллий таомлари ошхонасида тушлик қилишди. 

Автобусларда ёши улуғ инсонлар яна ўз манзилларига етиб олишди. Уларга Тошкент шаҳар вакиллиги жамоаси томонидан совғалар, ҳадялар улашилди.

Ҳа, кексаларимизнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг хизматини қилиш – катта савоб. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, оғирини енгил, узоғини яқин қилишдан банда-ку севинади, Яратган ҳам рози бўлади.

Аллоҳ таоло хайрсевар инсонлардан рози бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати
 

Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа) Кексаларни эъзозлаш – олий қадрият (Фотолавҳа)
ИНФОГРАФИКА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   34721   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари