Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июл, 2025   |   8 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:55
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
03 Июл, 2025, 8 Муҳаррам, 1447
Янгиликлар

"Биз гиёҳвандликка қаршимиз" шиори остида ўтказилаётган тарғибот тадбирларида имом-хатиблар фаол иштирок этмоқда

10.10.2024   8704   1 min.

Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу иллат — гиёҳвандлик.
 
Инсон учун энг бебаҳо бойлик — бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади.  Фарғона вилоятида "Долзарб ойлик" доирасида "Биз гиёҳвандликка қаршимиз" шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳудудлар бўйлаб ўтказилаётган шу каби тадбирларда имом-хатиблар фаол қатнашиб, динимиз таълимотларида инсон саломатлигига эътибор, гиёҳвандлик иллатининг зарари ва келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлари хусусида аҳолига, хусусан, ёш авлод вакилларига кенг тарзда тушунча беришмоқда.

Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида "Хўжамбердибой" масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Турсунзода, Бувайда туманидаги тадбирда туман бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомов, Қўштепа тумани Кадастр агентлиги ҳамда "Ҳудудгаз"нинг туман бўлимида ўтказилган тадбирда туман бош имом-хатиби Абдухошим Аҳмадалиевлар иштирок этди. 

Ўтказилаётган тарғибот тадбирларидан асосий мақсад, аср муаммоси ва унга қарши кўрилаётган чораларни жадаллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларни бундай иллатларга берилиб қолишининг олдини олишдан иборатдир.

Жойларда бу каби тадбирлар давом этмоқда.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Худкушлик қаҳрамонлик эмас

01.07.2025   9540   2 min.
Худкушлик қаҳрамонлик эмас

Инсон зиммасида бир нечта омонатлар борки, буларни қадрлаш зарур ҳисобланади. Ўз жонига ўзи қасд қилиш эса ана шу омонатга хиёнат қилишдир. Бинобарин, Қурони карим Нисо сураси 29-оятида Ҳақ таоло  хитоб қилган: "Бир-бирларингизни ўлдирмангиз".

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўлни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди" (Муттафақун алайҳ).

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради" (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).

Мўътабар фатво китобларимиздан “Фатавои Сирожия”да: “Қачон кема ёна бошласа, ундагиларнинг агар ўзларини денгизга ташлашса, сузиш билан халос бўлиб кетишга гумонлари ғолиб бўлса, шундай қилишлари вожиб бўлади. Агар ўзларини денгизга ташласалар ҳам ғарқ бўлишлари ёки ташлашмаса, куйиб кетишлари эҳтимоли бўлса, у ҳолда кемада қолиш ва денгизга ўзларини отиш орасида ихтиёрлидирлар. Кимки ўзини ўлдирса, унинг гуноҳи бошқа бировни қатл қилгандан кўра қаттиқроқдир!”

Юқорида келтирилган манбалардан кўриниб турибдики динимиз инсон ўз жонига қасд қилишга эмас, балки бу омонатни асрашга қадрлашга чақиради. Лекин, жамиятда баъзи инсонлар борки, ўз жонига қасд қилишга, худкушликка рағбат қиладилар. Аслини олганда ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳ берган неъматни мутлақо менсимасликдир. Шу билан бирга бундай ҳолат ўша жамиятга ҳам мусибат ҳисобланади.

Ўзини-ўзи ўлдиришнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ ва каттароқ ҳисобланади. Энди, салгина ҳаёт ташвиши деб, озгина ғам ва алам деб ўзини ўлдираётганларнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ эканлигини билдик. Бироқ, бундан ҳам энг ачинарлиси, бировларнинг ёлғон-яшиқ гапларига учиб, “фатво”ларига алданиб, бегуноҳ мўмин-мусулмонларни ўлдиришга қасд қилиб ўзини ўлдиришнинг гуноҳи бундан неча баробар оғирроқ ҳисобланади. Бу шаҳидлик эмас, бу қаҳрамонлик ҳам эмас, балки худкушликдир.

Уйчи тумани "Девона бобо" жоме масжиди имом-хатиби

Абдуфаттоҳ Мусаханов

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА