Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу – гиёҳвандликдир.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар кимга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан ҳисобланади.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф-хатар солиш билан бирга юртимиз ривожи ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади. Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади.
Фарғона вилоятида “Долзарб ойлик” доирасида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳудудларда бўлаётган шу каби тадбирларда имом-хатиблар фаол қатнашиб, динимиз таълимотларида инсон саломатлигига эътибор, гиёҳвандлик иллатининг зарари ва келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлари хусусида аҳолига, айниқса, ёш авлод вакилларига тушунча беришмоқда.
Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасидаги тарғибот тадбирида “Хўжамбердибой” масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Турсунзода, Бувайда туманидаги тадбирда туман бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомов, Қўштепа туманидаги тадбирларда туман бош имом-хатиби Абдухошим Аҳмадалиев иштирок этди.
Мазкур тарғибот тадбирларидан асосий мақсад аср муаммоси ва унга қарши кўрилаётган чораларни жадаллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларни бундай иллатлар хатаридан огоҳлантиришдан иборатдир.
Жойларда бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати