Ватан – нафақат инсон, балки бутун мавжудот – тирик жон учун ўзига хос қўним топадиган маскан. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра, сержило гўша. Муфтий ҳазратлари Нуриддин Холиқназаровнинг “Исломда Ватан тушунчаси” номли китобида бундай дейилади: “Ватани бор инсон бахтли инсондир. Ватани йўқ инсон эса, бахтсиздир”.
Ким Ватан тушунчасини яхши англаб етмас экан, унинг бағрида яшашидан маъно йўқдир. Шунга кўра уламоларимиз айтадилар: “Ватаннинг қадрига етмаган инсон, таъбир жоиз бўлса, ҳайвондан ҳам, паррандадан ҳам, ҳашаротдан ҳам тубанроқдир”.
2020 йил Президентимиз ташаббуси билан “Меҳр” дастури доирасида хориждан олиб келинган аёлларимиз ва уларнинг фарзандлари самолётдан тушар-тушмас азиз Ватанимизнинг тупроғини кўз ёш ила ўпиб, бош кўтармай йиғлаганларида, қалблар жунбушга келиб титради.
“Меҳр – 4” дастури орқали Афғонистондан Термизга олиб келинган хоразмлик 2 нафар фарзанди бор аёлни кутиб олдик. Давлатимиз томонидан уй-жой, хўжалик анжомлари, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари бир зумда тайёр қилинди. Уй юмушларини ўргатиш, фарзанд тарбияси, руҳий ҳолатига малҳам бўлиш учун у билан бирга қолар эканман, эрта тонгда туриб, норасидаларнинг: “Аяжон, бу ерда бомба портламайдими, отишма бўлмайдими?” дея қўрқув билан берган саволи бутун вужудимни музлатиб юборган эди. Қизчалар деразалардан боқиб: “Жуда гўзал жой экан, бу ердан аскарлар машинаси ўтмайдими?” дея хавотир билан савол бериб, тинч жойда эканликларига ҳалиям кўзлари ишонмай турганини ҳаяжон билан қайта-қайта гапиришарди.
Аллоҳ таоло бандалари қалбига Ватанга бўлган муҳаббатни жо қилган. Инсон фақат ундагина хотиржам бўла олади. “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг” деган ўзбек мақоли бежиз айтилмаган.
Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она тўғрисўзлик, ҳалоллик каби юксак инсоний фазилатлар қатори ватанпарварлик, халққа, динга, мусулмонларга холис хизмат қилиш туйғуларини ҳам фарзандлар қалбига чуқур сингдириши лозим.
Шунингдек, барча олиму уламолар исмларини Ватанлари номи билан боғлаб нисбат олганлар, яъни инсонга энг қадрли нарса унинг исми бўлади. Аммо улуғлар ўзларининг номи ила эмас, балки “Хоразмий”, “Бухорий”, “Самарқандий”, “Термизий”, “Фарғоний” каби Ватанни англатувчи номлар ила дунёга машҳур бўлганлар.
Ўтмишга назар ташласак, аждодларимиз она-Ватан мустақиллигини, мана шу дориломон кунларни асрлар оша орзу қилиб яшаганини яхши биламиз. Ватанга муҳаббат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларида ҳам алоҳида ўрин тутган. Макка мушрикларининг зулми ҳаддан ошиб, у зотнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганда Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Ўша онда кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб бундай дедилар: “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривояти).
Абу Амр ибн Аъло раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деган.
Мана шундай саодатли кунларда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизнинг шоду хуррам бўлишларини, мустақиллигимиз абадий бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Феруза ОТАЖОНОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти
вакилининг хотин-қизлар
масалалари бўйича ёрдамчиси
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати