Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» номли халқаро конференция бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказилаётган нуфузли анжуманда иштирок этувчи ислом оламининг етук уламоларининг мамлакатимизга ташрифи бошланди.
Айни вақтда юртимизда бўлиб турган Булғор ислом академияси Илоҳиёт кафедраси доктори Сайфул Асрий Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.
Меҳмон институт тарихи ва фаолияти билан яқиндан танишиб чиқди. Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари томонидан нашр этилган ўқув қўлланмалар, дарсликлар ва китоблар намойиш этилди.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, юртимизда кўзга кўринган илм-фан арбоблари билан бир қаторда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 80 дан ортиқ уламолар ўз маърузалари билан иштирок этадилар.
https://islom.uz/maqola/22746
Савол: Яқинда бир дўстим билан инсон вафотидан кейин руҳ ерга қайтиб келиши ҳақида тортишиб қолдик. Саволим шуки, руҳ ерга қайтиб келадими ёки барзахда қиёматгача кутадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Руҳнинг асл ҳақиқати нима эканлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّنَ الْعِلْمِ إِلَّا قَلِيلًا
“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, – деб айт” (Исро сураси, 85-оят).
Инсон руҳи вафот топиши билан қабр ҳаётида (барзахда) бўлади. Китобларда зикр қилинишича, жасадни қабрга дафн қилингандан сўнг, савол-жавоб қилиниши учун унга руҳи қайта киргизилади.
Шунингдек, қабр аҳлига салом берилган вақтда ҳам руҳ қабр атрофига қайтарилиб, саломга алик олади.
Мўминларнинг руҳи “Иллиййин” (еттинчи осмондаги жой)да, кофирларнинг руҳи эса “Сижжийн” (етти қават ернинг остидаги жой)да бўлиши ҳам баён қилинган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.