Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Маҳмуд МИСРИЙ: Исломнинг моҳиятини тўғри етказиш олимлар зиммасидаги муҳим вазифа

14.10.2024   3860   4 min.
Маҳмуд МИСРИЙ: Исломнинг моҳиятини тўғри етказиш олимлар зиммасидаги муҳим вазифа

Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳри ва Хивада бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги нуфузли халқаро конференция иштирокчилари мамлакатимизга етиб келди.

Улардан бири Туркиянинг Истанбул шаҳридаги қўлёзмаларни ўрганишга ихтисослашган «Dorul maxtutot» маркази бош директори, доктор Маҳмуд Мисрий.  

У Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, бундай заргарона ишга нечоғли юксак билим ва масъулият билан ёндошиш кераклиги юзасидан ўз билим ва тажрибаларини талабалар билан ўртоқлашди. Академиядаги “Манбалар хазинаси”да сақланаётган нодир манбалар билан танишар экан, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган халқаро конференция, юртимизда кечаётган маърифий ислоҳотлар жараёнига оид ўзининг фикрларини билдирди.

–   Юртингизда 15-16 октябрь кунлари “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ташкил этилаётган халқаро конференцияга таклиф этилганимдан бағоят хурсандман, – деди Маҳмуд Мисрий. – Шунингдек, мазкур конференция сабабли дунёдаги бир қанча нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар билан учрашиш бахтига муяссар бўлиш мени қувонтиради. Аллоҳ таолодан “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги ташкил этилаётган халқаро конференцияни манфаатли ва барча учун хайрли бўлишини сўраб қоламан.

Афсуски, сўнгги пайтларда дунёда Ислом дини ҳақида нотўғри тушунчалар авж олди. Улар орасида энг ҳайратланарлиси, Ислом динига “ислом – терроризм дини” дея таъриф берилишидир. Ваҳоланки, терроризм аслида бошқа жамиятлар томонидан ўйлаб топилган ҳаракатдир. Ислом динининг заррача бўлсада, терроризмга алоқаси йўқ.

Ислом дини ҳақида сўзлаганда уни “тинчлик дини”, “саломатлик дини” дея таърифлашга асло ҳожат йўқ. Зеро, тарихдан Ислом динига оид илмий меросларни, хусусан ақида, тафсир, ҳадис, фиқҳ каби илмларда ёзилган асарларни ўрганган киши Ислом дини тўлақонли гўзал ва беқиёс таълимот эканига гувоҳи бўлади. Қолаверса, олдимизда турган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция ҳам сўзимизни тасдиқлайди.

Бунга қўшимча тарзда ҳанафийлик фиқҳи ҳамда мотуридийлик таълимотига оид асарлар ва олимларнинг қарашларини ўрганиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ислом дини нуқтаи назаридан инсоний ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ҳуррият, бағрикенгликка оид масалаларни ўрганган шахс, Ислом дини мазкур воситаларни эҳтиром этиш ҳамда уларни тўғри қўллаш орқали адолат ва бағрикенгликни мужассам этганига гувоҳи бўлади. Аслини олганда, бағрикенглик бу ожизлик эмас, балки кучли томоннинг кучсиз томонни қўллаб-қувватлашидир. Бизда “диний бағрикенглик” деганда, киши ўз динига амал қилишда ҳақ-ҳуқуқларидан эркин фойдалана олишига нисбатан айтилади.

Ўйлайманки, “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференция юқоридаги сўзларимизнинг янада кенг жабҳада ёритилиши ҳамда инсонларга Ислом динининг асл моҳиятини тушунтиришга хизмат қилади.

Бугунги суҳбатни ташкил қилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда унинг ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу даргоҳда олиб борилаётган кенг кўламли илмий изланишлар, замонавий ўқув бинолари, кўп сонли профессор-ўқитувчи,  устозларнинг фаолияти ҳамда таҳсил олаётган талабалар келажакда юртингиз равнақи ва келажаги учун катта ҳисса қўшади, деган умиддаман. Мазкур ҳаракатлар ортидан келажакда юртингиздан яна буюк олимлар етишиб чиқишига ишончим комил.

–Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой маънавий, илмий мероси, бу меросни ўрганиш борасидаги эзгу ишлар ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик.

–   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк аллома ва мутафаккирларнинг фундаментал тадқиқотларини ўрганиш, уларнинг илмий меросини қайта тиклашга оид кўрсатмаларини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур муҳим ишларга давлат раҳбари томонидан ташаббус билдирилиши ушбу мамлакатдаги олимлар ва илмий соҳа ходимларига улкан масъулият юклайди. Зотан, уламолар илмий меросини ўрганиш ислом умматининг аслиятини ўрганиш демакдир. 

Қиймати чексиз бўлган бир қанча қўлёзмаларни ўрганиб, уларни тадқиқ этиб, инсонларга ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказиб,  намоён қилиш шу юртдаги барча олимлар ва тадқиқотчиларнинг муҳим ишларидан саналади. Бу ишни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлов ҳамда барча шарт-шароитларга эга олий муассаса ва илмий-тадқиқот марказлари барпо қилиниши улкан натижага эришишдаги энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Хато – банданики

24.06.2025   2059   1 min.
Хато – банданики

Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди: 
 

– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...


Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.


Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:

– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.


Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.


Имом унга деди:

– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?


Йигит жавоб берди:

– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.


Имом деди:

– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...


Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди. 


Акбаршоҳ РАСУЛОВ