Жорий йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилади.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда (https://www.facebook.com/aoka.uz/videos/1115116533946944/) Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.
Анжуман ишида Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этади.
Конференциядан кўзланган асосий мақсад – шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
Муҳим масалаларнинг асл моҳиятини очиб беришга қаратилган Конференция 15 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Hilton” мажмуасининг анжуманлар залида ўз ишини бошлайди. Анжуман 3 та шўъбага бўлинган ҳолда ўтказилади.
Биринчи шўъба: “Ислом қадриятларини асраб-авайлашда ҳанафий-мотуридий таълимотининг ўрни”.
Иккинчи шўъба: “Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик”.
Учинчи шўъба: “Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар”.
Конференция 16 октябрь куни Хива шаҳрида давом этади. Унда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференциясининг якуний декларацияси қабул қилинади.
Батафсил (https://telegra.ph/ZHorij-jil-15-16-oktyabr-kunlari-Toshkent-va-Hiva-sha%D2%B3arlarida-Islom--tinchlik-va-ehzgulik-dini-mavzusida-nufuzli-hal%D2%9Baro-konfer-10-11)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.
Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази