Бугун, 15 октябрь куни пойтахтимиздаги “HILTON BAllROOM” меҳмонхонасида “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзусидаги нуфузли халқаро анжуман бошланди.
Тадбирда Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси доирасида ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати