Айни дамда “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзусидаги нуфузли халқаро анжуман Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов олиб бормоқда.
Даставвал Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг халқаро анжуман иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
Унда халқаро конференция қатнашчилари қутланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги ташаббус қўллаб-қўвватлангани, сўнгги 7 йилда юртимизда диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар олиб борилгани, халқаро илмий марказлар ташкил этилгани, кўплаб алломаларимизнинг китоблари нашр этилгани қайд этилган.
Шунингдек, анжуман доирасидаги муқаддас Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб беришга қаратилган илмий маърузалар, ташаббуслар, муҳокамалар дунёда тинчлик-хотиржамликка ҳисса бўлиб қўшилишига умид билдирилган.
Халқаро анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев кабилар сўзга чиқиб, мамлакатимизда бағрикенглик сиёсати юритилаётгани, барча соҳалар қатори диний соҳада кенг кўламли ўзгаришлар бўлаётгани, ёт ғояларга қарши кураш бўйича миллий стратегия амалга оширилаётгани ва Ислом динидаги тинчликни таъминлашга қаратилган таълимотларини қайд этиб, барчани тинчлик ва эзгулик йўлида ҳамкорлик қилишга чақирдилар.
Халқаро анжуман қизғин давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати