Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июл, 2025   |   29 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:52
Хуфтон
21:21
Bismillah
24 Июл, 2025, 29 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Халқаро ҳамжамият эътиборидаги конференция

15.10.2024   6299   3 min.
Халқаро ҳамжамият эътиборидаги конференция

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида: “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз”, – деган эди.

Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Бу эзгу таклиф натижаси ўлароқ 2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда.

Ушбу нуфузли анжуман ишида дунёнинг Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад – шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги 7 йил мобайнида диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил қилинди.

Бу маърифий муассасаларнинг барчаси нафақат диний, балки дунёвий илмларда улкан ютуқларни қўлга киритган буюк алломаларимизнинг меросини асраб-авайлаш, бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан чуқур тадқиқ этиш, ёйиш ва тарғиб қилиш, наинки мусулмон олами, балки бутун жаҳон жамоатчилигига танитишга хизмат қилади.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиорига мувофиқ равишда ислом динининг тинчликпарварлик, бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини тарқатишга, шу тариқа мамлакат, минтақа ва дунё миқёсида радикализм ва экстремизмга қарши курашни кучайтириш, бу иллатларни таг-томири билан йўқ қилишга ўз ҳиссасини қўшади.

Конференция Тошкент шаҳридаги “Hilton” мажмуасининг анжуманлар залида ўз ишини бошлайди. Анжуман ўз ишини 3 та шўъбада давом эттиради.

Жумладан, иштирокчилар “ Ислом қадриятларини асраб-авайлашда ҳанафий-мотуридий таълимотининг ўрни”, “Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик”, “Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар” мавзусидаги шўъбалар бўйича халқаро конференция иштирокчилари ўзаро фикр алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама этиш имконига эга бўлади.

Конференция 16 октябрь куни Хива шаҳрида давом этади. Унда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференциясининг якуний декларацияси қабул қилинади.

Анжуман дунё халқларининг бирдамлиги ва муштарак тараққиётини таъминлашда ислом таълимотининг, буюк аждодлар меросининг ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб бериш билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур мақсадларни амалга оширишга интилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашда уламоларнинг якдил фикрини қўллаб-қувватлаши билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Н.Усмонова, ЎзА

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

16.07.2025   6732   2 min.
Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.

Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:

“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).

Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийрни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Шунга кўра имом домла Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар