Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз”, – деган эди.
Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Бу эзгу таклиф натижаси ўлароқ 2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда.
Ушбу нуфузли анжуман ишида дунёнинг Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.
Конференциядан кўзланган асосий мақсад – шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги 7 йил мобайнида диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил қилинди.
Бу маърифий муассасаларнинг барчаси нафақат диний, балки дунёвий илмларда улкан ютуқларни қўлга киритган буюк алломаларимизнинг меросини асраб-авайлаш, бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан чуқур тадқиқ этиш, ёйиш ва тарғиб қилиш, наинки мусулмон олами, балки бутун жаҳон жамоатчилигига танитишга хизмат қилади.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиорига мувофиқ равишда ислом динининг тинчликпарварлик, бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини тарқатишга, шу тариқа мамлакат, минтақа ва дунё миқёсида радикализм ва экстремизмга қарши курашни кучайтириш, бу иллатларни таг-томири билан йўқ қилишга ўз ҳиссасини қўшади.
Конференция Тошкент шаҳридаги “Hilton” мажмуасининг анжуманлар залида ўз ишини бошлайди. Анжуман ўз ишини 3 та шўъбада давом эттиради.
Жумладан, иштирокчилар “ Ислом қадриятларини асраб-авайлашда ҳанафий-мотуридий таълимотининг ўрни”, “Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик”, “Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар” мавзусидаги шўъбалар бўйича халқаро конференция иштирокчилари ўзаро фикр алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама этиш имконига эга бўлади.
Конференция 16 октябрь куни Хива шаҳрида давом этади. Унда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференциясининг якуний декларацияси қабул қилинади.
Анжуман дунё халқларининг бирдамлиги ва муштарак тараққиётини таъминлашда ислом таълимотининг, буюк аждодлар меросининг ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб бериш билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур мақсадларни амалга оширишга интилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашда уламоларнинг якдил фикрини қўллаб-қувватлаши билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Н.Усмонова, ЎзА
Имом-хатиблар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича кўчма семинар бугун республикамизнинг Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида ташкил этилди. Қораўзак туманидаги марказий "Идрис эшон" жоме масжидида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин Разов бошчилигида соҳа ходимлари, маҳалла раислари ва зиёратчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, сайёр тадбирда амалга ошириладиган ишлар кўлами тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак ва Тахтакўпир туманларининг 5 та масжиди ва 19 та маҳалласига бириктирилди. Улар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан 101 та муаммоли хонадонга кириб, ўша ерда яшаётганларнинг ҳолидан хабар олди, яшаш шароитлари билан яқиндан танишди ва суҳбатлашди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, фикр-мулоҳазалари тингланди. Имом-хатиблар 10 та тоифага мансуб 101 та оилага маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, масжидлар атрофида ободонлаштириш ва тозалаш ишларини олиб бориш, иш юритиш, жамоани бошқариш жиҳатлари ҳам ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилган қавмга, "Тинчлик бахти. Шукроналик. Илм олиш фазилати. Ёт ғоялар таъсиридан сақланиш. Миссионерлик ҳаракатларининг салбий оқибатлари" каби долзарб мавзуларда маърузалар қилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари имом-хатибларининг маънавий-маърифий, масжид бошқарувидаги ишларига кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ташриф давомида қозиёт қозиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак туманидаги "Идрис эшон" масжидининг янгидан қурилаётган биносининг қурилиш ишлари билан танишди.
Б.АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими