Бугун пойтахтимиздаги “Hilton” мажмуасининг анжуманлар залида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Ислом оламининг машҳур уламолари, муфтийлар, дин ва давлат арбоблари иштирок этаётган ушбу анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари барча иштирокчиларни қутлади.
Жумладан, Муфтий ҳазратлари ҳозирги кунда дунёнинг баъзи нуқталарида нотинчликлар бўлиб турган бир пайтда бу каби мулоқотларнинг ўрни нақадар катта эканлигини қайд этдилар.
Ислом — тинчлик, ҳамжиҳатлик ва омонлик динидир. Бақара сурасининг 208-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!”, дея хитоб қилинишида ҳам тинчлик ва осудаликни таъминлашда ҳамма бирдек масъуллигига ишора бор, дея таъкидладилар Шайх ҳазратлари.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам “Соҳибус-силм” — тинчликпарвар пайғамбар эканликларини, ҳадиси шарифларда ҳам тинчлик ва омонлик — энг олий неъмат сифатида тарғиб этилишини, умуман олганда, барча саодатимиз асоси тинчлик ва ҳамжиҳатликда эканлигини баён этдилар.
Анжуманда йиғилганлар Муфтий ҳазратларининг нутқини яқиндан қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 13 май куни муборак ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи муқаддас замин томон йўлга чиқишди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.
Муборак сафар олди Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон Ҳаж амалларини бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин!