Доктор Абдураҳмон бин Абдуллоҳ ал-Зайд халқаро анжуман юзасидан ушбу фикрларни билдирди:
– Аллоҳ бутун инсониятни меҳр-оқибат ва тинч-тотув яшашга чақирди. Натижада ислом динининг нури Шарқ ва Ғарб бўйлаб тарқалди. Айниқса, унинг нури ўз илми ва маърифати ила порлашига хизмат қилган юртингиз уламоларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Мовароуннаҳр буюк уламоларидан ислом илмларининг барча соҳа ва йўналишлари бўйича катта илмий мерос қолдирди. Хусусан, Қуръони каримдан кейин энг ишончли манба бўлган “Саҳиҳи Бухорий” асари муаллифи, Ҳадис илмининг амири Имом Бухорий, “Шамоилул Муҳаммадия” асарини таълиф этган Имом Термизийнинг меросидан бутун Ислом олами фойдаланишини алоҳида эътироф этиш даркор.
Бугунги конференцияга танланган мавзу муқаддас динимиз асл мақсад ва ғояларини акс эттиради. Дарҳақиқат, ислом дини тинчлик ва яхшиликлар, эзгуликлар динидир. Исломни ҳимоя қилиш, дунёда тинчликни ўрнатиш бугунги энг долзарб вазифамиз саналади.
Биз Ислом олами уюшмаси уламолари инсониятни тинчликка чақирамиз. Ушбу конференция ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман.
Н.Усмонова,
ЎзА
Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар. Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга масжид одоблари мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, маърузада айтиб ўтилганидек, масжидлар эҳтиром юзасидан “байтуллоҳ” – Аллоҳнинг уйи дейилади. Зеро, масжиднинг деворлари ва устунлари Аллоҳ номи билан қурилган. Уларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, У Зот улуғланади, мақталади. Унга руку ва саждалар қилинади. Зеро, Қуръони каримда бундай баён қилинган: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!” (Жин сураси, 18-оят).
Сўнгги йилларда юртимизда бир нечта йирик масжид ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасини олайлик. Ушбу мажмуанинг умумий майдони 44 гектар бўлиб, ўз ичига маҳобатли мақбара, ўн минг кишига мўлжалланган катта масжид ҳамда аллома тарихига бағишланган замонавий музей бунёд этилди.
Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда республикамиз бўйича 2147 та масжид фаолият олиб бормоқда. Бу ҳам бўлса, жамиятимизда диний-маънавий ҳаётнинг юксалиб бораётганидан далолат. Масжидлар ободлигига бўлган бу эътибор, шубҳасиз, муқаддас динимизга ва унинг қадриятларига бўлган эҳтиромнинг ёрқин кўринишидир. Зеро, масжидларни обод қилишнинг замирида инсон қадрини улуғлаш, унинг руҳий-маънавий эҳтиёжларини таъминлашдек эзгулик мужассам.
Масжид бино қилишнинг фазли ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради” (Имом Муслим ривояти).
Манфаатли суҳбат якунида бундай хайрли ишларга камарбаста бўлаётган мутасаддилар ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати