Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бўлиб ўтаётган бу муҳташам анжуман, нафақат мусулмонлар учун, балки улар билан диний бағрикенглик тамойиллари асосида умргузаронлик қилиб келаётган, қўни-қўшничилик муносабатларини олиб бораётганлар учун ҳам хайрлидир.
Ислом барча халқларни бирликка чорлайди. Ислом динига эътиқод қилувчи барча мўминлар орасида тарқалган салом сўзи ҳам “Сизга тинчлик, омонлик тилайман”, дегандир. Шу маънода, ислом номи билан боғланаётган хунрезликлар ва нохуш ҳодисалар замирида чин исломга хос бўлган эътиқод йўқ, десак, асло янглишмаган бўламиз.
Ота-боболаримиз минглаб йиллар мобайнида ислом динига эътиқод қилиб келади. Бу эзгу дин, Марказий осиёда яшаётган халқларнинг урф-одатларига қадар сингиб кетган ва бунда ҳеч қандай ғализлик кузатилмайди.
Бунга сабаб эса, соф ислом ақидасини, унинг маърифатини, инсонпарварлигию эзгу ғояларини ботил ақидалардан орифлик билан ажратиб бера олган уламоларнинг айнан Марказий осиёдан кўплаб етишиб чиққанидир. Бу эзгу таълимотлардан узоқлашган сари, фитналар кўпайигани бор гап. Шу боис, ота-боболаримизнинг тўғри эътиқод борасидаги тависиялари ва илмий меросига суянишимиз шарт.
Бугун ахборот глобаллашуви туфайли ботил ғоялар билан чалғиётган ёшлар кам эмас. Шу боис, уларга эътиқод нуқтаи-назаридан тўғри маълумот бериш, ёшларни ботил ақидалардан ўз вақтида огоҳ қилиб бориш, биз уламоларнинг вазифамиздир. Аллоҳ таоло ўз каломида “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”, деб марҳамат қилади. Аллоҳга шукурки, Ўрта осиё халқи, ислом оламига танилган алломалари билан фахрланади. Муқаддас каломдаги “билганлар” ҳам шулар, аслида.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа аҳмад Яссавий, Сиғноқий каби алломалар ҳақни ботилдан ажратган, умматга тўғри йўлни ва ислом маърифатини кўрсатиб берган кишилар эди. Мана шундай аждодларимизнинг мўътадил йўли эса, ёшларни радикал ғоялардан асрашда жуда муҳим. Бугунги анжуман айнан шу ҳақиқатни англатишга хизмат қилмоқда.
Науризбай Утпенов,
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «The Muslim 500 – The World’s 500 Most Influential Muslims» халқаро нашрининг 2027-йилги рейтингида дунёнинг энг нуфузли 50 нафар мусулмони қаторидан жой олди.
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги пойтахти Амман шаҳрида жойлашган Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази (RISSC) томонидан ҳар йили эълон қилинадиган мазкур нуфузли рейтингда давлатимиз раҳбарининг фаолияти давлат бошқаруви ва сиёсат йўналишида ҳам алоҳида эътироф этилди.
2009 йилдан буён нашр этиб келинаётган ушбу рейтинг мусулмон дунёсида сиёсий, иқтисодий, диний, илмий, маданий ва ижтимоий соҳаларда сезиларли таъсирга эга бўлган шахсларни қамраб олади.
Нашрнинг 2027 йилги сонида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик ва минтақавий дипломатияни ривожлантириш, таълим ва маданият соҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бой исломий меросни асраб-авайлаш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган ташаббусларга юқори баҳо берилган.
Мазкур эътироф Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг яна бир ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати