– Юртингизда ташкил этилган “Ислом тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги анжуманнинг барча иштирокчиларини тарихий воқеа билан чин дилдан қутлайман.
Олим сифатида ёшларга, ушбу анжуманни кузатиб борган соғлом фикрли кишиларга айтар сўзим шуки, мутаассиб фикрларга эргашаётганлар билиб қўйсин, ислом – эзгулик дини. У ҳеч қачон қон тўкишга, зўравонлик қилишга ундамайди. Муқаддас ислом номидан амалга оширилаётган хунрезликларнинг буюртмачилари мўминлардан эмас.
Ислом маърифатини, унинг инсонпарварлик ғояларини, бағрикенглик борасидаги тавсияларини ўрганмоқчи бўлганлар, бузғунчи тоифаларнинг етакчиларига эмас, соф тафсирга, Расулимиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига таянган ҳолда сабоқ бераётган, бирор-бир юртда фитнага ёки ихтилофларга сабаб бўлмаган, ҳур фикрли олимларимизнинг фикрларига эътибор қаратсинлар. Чунки, мутаассиб фикрларга қўшилишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Ким динда чуқур кетса, у адашади.
Aллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръоннинг “Қурайш” сурасида, Қурайш қабиласига тинчлик, омонлик бергани ва Ислом динининг муҳаббатга ва саломатликка чорлаши ҳақида хабар берган.
Ислом номидан интернет орқали тарқатилаётган фитналардан ўз юртингиз уламоларининг фатволарига таянган, оқилона панд-насиҳатларидан баҳраманд бўлган ҳолда ёндашсангиз, омонда бўласиз. Бугунги анжуманда ҳам, бундан кейин ҳам соғлом фикрли ислом уламолари интернетдаги мутаассибларнинг фикрлари хато ва асоссиз эканини бот-бот такрорлайди.
Жаҳондаги бир қанча мамлакатларни катта ташвишларга солаётган бу фитналарга куч билан эмас, маърифий ёндашув билан ечим топишни таклиф этган Ўзбекистон Президентининг барча чақириқларини биз олимлар бир овоздан қўллаб-қувватлаймиз. Бир сўз билан айтганда, бу чақириқ фақат ислом уммати учун эмас, балки бутун башарият учун нажот садосидир.
Н.Усмонова,
ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ота-онам мени мажбурлаб эрга бермоқчи, бола билан кўришдим ва кўнглим ғаш бўлиб қолди. Кейин истихора ўқишни бошладим ва барибир кўнглим юмшамади. Уйдагиларга тушунтирдим, лекин мени эшитишмаяпти. Мен қандай йўл тутсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хотин-қизларни мажбурлаб эрга беришдан ман қилинган. Зеро, никоҳ икки томоннинг розилиги билан тузилади. Жувон бўлса, у билан очиқча гаплашилади, бокира бўлса, ундан изн сўралади. Бокира (розилик аломатлари билан) сукут қилса, бу унинг никоҳга изн бергани бўлади.
Барча фиқҳий манбаларимизда келин ва куёв ўз розилигини билдириши (ийжоб ва қабул) никоҳнинг асосий рукни экани баён қилинган. Келин-куёвдан бири никоҳга рози бўлмаса, никоҳ дуруст бўлмайди.
Ота-онанинг вазифаси эса фарзандини бойлик, мансаб ёки бошқа ғаразлар сабабли кўр-кўрона уйланиш ёки эрга тегишга мажбурлаш эмас. Балки фарзандига жуфт бўлаётган йигит ё қизнинг диёнати, хулқ-одобига ва касб-ҳунарига эътибор қилишдир.
Ўз ўрнида турмуш қураётган фарзанд ҳам ота-онасининг тавсиялари ўринли бўлса, қабул қилиши, қайсарлик қилмай уларнинг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланиши керак.
Хотин-қизларни мажбурлаб эрга бериш ҳолатларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёлга никоҳ ё ажралишни танлаш ихтиёрини берганлари маълум. Ҳатто бир ҳолатда қиз камбағал йигитни, ота-она эса бой йигитни танлаганида, у зот қизнинг ихтиёрини устун қўйиб:
لم ير للمتحابين مثل النكاح
«Бир-бирини яхши кўрганлар учун никоҳдан яхшиси йўқдир", дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Валлоҳу аълам"
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.