Термиз шаҳрида жойлашган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни" мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бошланди.
Айни вақтда юртимизда кўзга кўринган исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчиларимиз, шунингдек, Туркия, Қатар, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрган 50 дан ортиқ таниқли олимлар мазкур халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида анжуманнинг биринчи кунида халқаро илмий-амалий анжуман очилиш маросими, халқаро анжуман ялпи мажлиси, шўъбалар йиғилишлари, хорижлик уламолар иштирокида Имом Термизий олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасалари талабалари билан учрашув каби қатор тадбирлар ўрин олган.
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати