Термизда “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.
Анжуман Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов давлатимиз раҳбарининг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Икки кун давом этадиган тадбирда дунёнинг ўнга яқин давлатидан дин арбоблари, нуфузли таълим муассасалари олимлари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Имом Термизий ва термизий алломалар илмий меросини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот фаолияти ва услубларини замон талабларига мос ҳолда ривожлантириб бориш, тарғиботнинг янги методлари ва воситаларидан кенг фойдаланиш юзасидан тажриба алмашилади. Ислом дини равнақига, Ислом цивилизaцияси ривожига беназир ҳисса қўшган Имом Термизий ва термизий алломаларнинг оламшумул аҳамиятга молик диний-маънавий меросини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар натижалари умумлаштирилиб, уларнинг навбатдаги босқичида долзарблик касб этаётган вазифалар белгилаб олинади. Муқаддас ислом динининг асл ғоя ва мақсадларини хато талқин этиб, уларни бузғунчи мақсадларда шарҳлаш йўли билан ёшларнинг онги ва дунёқарашини заҳарлашга ҳаракат қилаётган оқимларга қарши ислом уламолари, диний ва илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини бирлаштиришга, буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшлар онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилади.
Анжуманнинг шуъба йиғилишларида Термиз ҳадис мактаби, Имом Термизий ҳаёти ва илмий мероси, Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарининг ўзига хос жиҳатлари, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси, Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмида тутган ўрни, Термизий алломалар илмий мероси ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти каби кўплаб мавзуларда қизиқарли маърузалар тингланиб, муҳокама этилади.
Тадбир якунида Термиз давлат университетида “Имом Термизий илмий мероси: Анжуман таассуротлари ва истиқбол режалар” мавзуида илмий давра суҳбати ўтказилади.
Халқаро анжуман иштирокчиларининг Термиз туманидаги Ҳаким Термизий, Шеробод туманидаги Имом Термизий мажмуалари ва бошқа муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиши ҳам режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати