Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2025   |   24 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:32
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:42
Bismillah
18 Август, 2025, 24 Сафар, 1447
Мақолалар

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний: “Болаликдан Имом Бухорий дунёга келган табаррук диёрга келишни орзу қилганман”

17.10.2024   9005   1 min.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний: “Болаликдан Имом Бухорий дунёга келган табаррук диёрга келишни орзу қилганман”

Мамлакатимиздаги маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган туб ижобий ўзгаришлар хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

“Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари бу жиҳатларни алоҳида эътироф этмоқда.

Бу ҳақда Дорул-улум Карачи ислом университети (Покистон) профессори Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ўз фикрларини билдирди:     

–Улуғ алломалар юртида ўтказилаётган халқаро анжуманда маъруза билан иштирок этганимдан бағоят мамнунман.   

Ўзбекистон асрлар оша бутун жаҳонга буюк ва забардаст уламоларни етиштириб берган муборак заминдир. Бу заминда туғилиб, вояга етган улуғлар шунчалик кўпки, улар бутун оламни илм-маърифатга, нурга тўлдирганлар. Ислом илмларининг барча соҳалари, Қуръон ва тафсир, ҳадис, фиқҳ каби йўналишларда энг юксак мақомга эришганлар. Бу юртдан етишиб чиққан алломаларнинг илм-фаннинг турли соҳаларида қўлга киритган ютуқлари нақадар юксак даражада экани ҳеч кимга сир эмас. Буни бутун олам билади.   

Болалик вақтимда қулоғимга чалинган дастлабки сўзлардан бири Бухорий номи бўлган. Ўшандан буён Имом Бухорий дунёга келган табаррук диёрга келишни орзу қилганман. Неча асрлар ўтибдики, бу улуғ зот қаршисида бутун дунё уламолари таъзим қилиб келадилар. Бу заминдан етишиб чиққан алломаларнинг саноғига етиш жуда қийин. Ўзбекистонга 5 йил муқаддам келган эдим. Шу йиллар мобайнида мамлакатда жуда катта бунёдкорлик ишлари, катта ўзгаришлар бўлганига гувоҳ бўлиб турибман. 

Н.Усмонова, ЎзА

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Аллоҳ берган неъматлари миқдорича берамиз

15.08.2025   3274   3 min.
Аллоҳ берган неъматлари миқдорича берамиз

Бир аёл Лайс ибн Саъддан озроқ асал беришини  илтимос қилди. Лайс унга бир меш асал олиб келишларини буюрди. Атрофидагилардан бири: “Нима учун бу аёлга бунча асал беряпсиз? Ахир у сиздан озгина асал сўради, холос”, деди. Лайснинг жавоби мана шундай бўлди: “У биздан ўзига керагини сўради, биз эса унга Аллоҳ таоло бизга берган неъматлари миқдорича берамиз”.

Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш бечораҳолга садақа улашмасидан бурун биров билан гаплашмас экан. Биз-чи, биз?! Ҳар куни яримта хурмо бўлса-да, садақа қиляп­мизми?! Агар мол-дунёингиз етарли бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мол-дунё садақа сабабли камаймайди”[1] деган гапларини эсингиздан чиқарманг!

Алий розияллоҳу анҳу бир куни йиғладилар. У кишидан: “Йиғингизнинг боиси не?” – деб сўрашганида, “Менинг олдимга мана етти кундирки меҳмоннинг қадами етмади. Аллоҳ мени хор қиляптимикан деб хавфсираб қолдим”, деган эканлар.

Бировга эҳсон берар экансиз, чеҳрангиз очиқ бўлсин. Яхшилик қилаётган кишингизнинг қаршисида қовоғингизни уйманг.

Шоир айтади:

Фақир даргоҳига ҳар дам чеҳранг очиб бор,
Ўзингни паст тутиб, кибру ҳаводан қочиб бор. 

Берган нарсаларингизни миннат қилишдан сақланинг, йўқса  амалларингиз чиппакка чиқади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхши сўз ва кечириш  ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир»[2]. Яна Аллоҳ таоло миннатчиликдан огоҳлантириб, шундай дейди: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб  берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..”[3].

Бир киши дўстининг олдига келди. Дўсти унга: “Нима гап, тинчликми? Бирор ишинг бўлса айт”, деди. У: “Менинг тўрт юз дирҳам қарзим бор, берай десам бир дирҳам ҳам пулим йўқ”, деди. Дўсти унга тўрт юз дирҳам берди-да, кўзларида ёш ила уйига кирди. Аёли: “Ахир йиғлар экансиз, нимага  бердингиз?” – деди. Шунда у: “Худо ҳаққи, мен бу учун йиғлаётганим йўқ. Мени йиғлатган нарса, наҳот яқин дўстимнинг бу ҳолидан бехабар қолдим, ахир дўстим эшигимгача келибди. Шунинг хижолатидан йиғлаяпман”, дебди.

Яқинларимиз, қариндош-уруғ, дўстларимиз ҳолидан хабар олаяпмизми?!

Уларга бирор нарса бергудек бўлсак, уларнинг ҳожатлари миқдорича бераяпмизми ёки бизга ато қилинган неъматлар қадарми?! 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ривоят қилган.
[2]  Бақара сураси, 263-оят.
[3]  Бақара сураси, 264-оят.