Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Муҳаммад Ал-Ҳажрий: Аксар китобларимиз Мовароуннаҳр уламолари қаламига мансуб

17.10.2024   8145   1 min.
Муҳаммад Ал-Ҳажрий: Аксар китобларимиз Мовароуннаҳр уламолари қаламига мансуб

Ўзбекистон – Ўмон алоқалари турли соҳаларда жадал ривожланмоқда. Жумладан, Султонлик йирик уламолари ҳам мамлакатимизда ўтказилаётган нуфузли халқаро тадбирларда доим фаол.

Хусусан, Ўмон парламентининг юқори палатаси – Давлат Кенгаши аъзоси, сенатор, Ижтимоий ва маданий масалалар қўмита раиси, профессор, доктор Муҳаммад бин Саид бин Амар Ал-Ҳажрий 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хивада бўлиб ўтган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этди.  

– Отамнинг катта кутубхонаси бўлиб, болалигим, асосан, ўша жойда ўтган. Рости, китобларнинг аксарияти Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан уламолар асарлари эди. Ақоид, фиқҳ, ҳадис ва бошқа турли соҳаларга оид манбаларнинг салмоқли қисми шу ўлка олимларига тегишли. Шу боис, бизнинг халқ мазкур ҳудуд алломаларини яхши билади, ҳурмат қилади. 

Қолаверса, бугунги конференцияга ташриф буюрган мутахассисларнинг бари айнан Мовароуннаҳрдан олимлари битикларини ўқиб, вояга етган, илм сирларини ўрганган.  

Муҳаррама Пирматова, ЎзА
 

Муҳаммад Ал-Ҳажрий: Аксар китобларимиз Мовароуннаҳр уламолари қаламига мансуб Муҳаммад Ал-Ҳажрий: Аксар китобларимиз Мовароуннаҳр уламолари қаламига мансуб
Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

23.06.2025   3506   3 min.
Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.

Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.

Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.

Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга оларми­дингиз?!” – дебди.

Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.

Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дей­дилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бош­қаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2]  Шуро сураси, 40-оят.