Халқаро анжуман
Глобал дунёда аждодларнинг илмий мероси ҳамда бой ҳаётий сабоқларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Ёшлар тафаккурини билим зиёси билан тўлдиришга ҳаракат қилмас эканмиз, уларни чалғитадиган, ўз домига тортадиган бузғунчи ғоялар саноқсиз. Бироқ тафаккур ҳимоясига бир бутун бўлиб, жамият миқёсида киришилмас экан, натижаси ҳаминқадар бўлиб қолаверади. Шукрки, зоҳирий-ботиний хатарларга сергак миллатимиз бу борада анчайин жипс. Айни ҳаракатларга давлат миқёсида эътибор қаратилаётгани эса натижалар чўғини оловга айлантиради.
Президентимизнинг 2024-йил 15-августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида, унинг доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши белгиланган.
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2024-йил 18-октабр, 211-сон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Отамнинг қўлидаги ушбу узукни – Аллоҳ у кишини раҳматига олсин —60 йил давомида тақиб юрдилар. Унда бир оят ёзилган эди, қайси оят эканини мақоланинг давомида билиб оласиз.
Аввало, отам ҳаётида амал қилган бир тамойил ҳақида сизлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Мен отамни доимо қаноат тамойилига амал қилган инсон деб биламан. У ҳаётининг барча соҳаларида мана шу йўлни тутар эди.
Масалан, у Жидда шаҳрида ўз компаниясига асос солганида, уни йирик компанияга айлантиришга шошилмади. Оддий ва барқарор фаолият билан кифояланди.
30 йилдан кейин компанияни ўз зиммамга олганимда, бор-йўғи тўққиз нафар ходим ва битта филиалга эга эди. У бизнесини бошқа ҳудудларга кенгайтирмаган эди.
Мен отамдан сўрадим:
— Нега бошқа савдогарлар каби 30 йил давомида филиаллар очмадингиз? Ахир Саудия бозорида ривожланиш учун катта имкониятлар бор эди-ку?
У менга шундай жавоб берди:
— Мен бор нарсамдан мамнун эдим. Аллоҳга ҳамд бўлсин, У бизга етарлича ризқ берди.
Кейин у қўшиб қўйди:
— Энди кенгайтириш навбати сеники.
Дарҳақиқат, компанияни қабул қилганимдан сўнг биринчи қилган ишларимдан бири – мамлакатнинг турли ҳудудларида филиаллар очиш ва ходимлар сонини тўққиз нафардан 130 нафарга етказиш бўлди.
Аммо шунга қарамай, отамнинг кичик компания билан ҳам қаноат қилиши ҳақидаги фикри мени доимо ўйлантирар эди.
Шунда мен кенгайтириш билан бирга унинг ҳаёт тарзидаги асосий маънони тушундим: қаноат.
Мен бу маънони айнан шу узук билан боғладим.
Бу узук отамга ёшлигида ҳадя қилинган эди ва уни 60 йил давомида тақиб юрди. Унда:
أَلَيْسَ اللَّهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ
“Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?!” (Зумар сураси, 36-оят) деган оят ёзилганди.
Йиллар ўтиши билан узукдаги ёзув ўчиб кетди. Аммо унинг маъноси отамнинг қалбига ва ҳаёт тарзига сингиб кетган эди.
Мен “етарли” сўзининг маъносини изладим. Унинг маъноларидан бири – ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш экан.
Мен отамнинг ҳаётида бу ҳақиқатни кўрдим. Аллоҳ унга етарли эди — У унинг ҳомийси ва таянчи бўлди.
Аллоҳ унга бойлик берган бўлса ҳам, у исрофни танламади. У ҳар йили янги машина сотиб олишга қизиқмас, қимматбаҳо брендлар, дабдабали уйлар ёки бойлигини кўз-кўз қилишга ошиқмас эди. Аммо отам хоҳласа буларнинг барчасини қила оларди. Лекин у дунё неъматларидан фойдаланди, шу билан бирга қаноат ва хотиржамликни устун қўйди.
Дарҳақиқат, “Агар Аллоҳ бандаси учун етарли бўлмаса, ким етарли бўла олади?”.
Даврон НУРМУҲАММАД