Ўзбекистоннинг Кувайтдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Aйюбхон Юнусов Кувайт давлати амири шайх Мишал ал-Aҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган қисқа суҳбатда Шайх Мишал ал-Aҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан 2023 йил июль ойида Жидда шаҳрида “Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё” стратегик мулоқотининг биринчи саммити доирасида бўлиб ўтган учрашувини илиқлик билан эслади.
Шунингдек, Қувайт амири 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё стратегик мулоқотининг иккинчи саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф этилди.
Ишонч ёрлиқларини топшириш маросими Қувайт оммавий ахборот воситаларида, хусусан, етакчи кундалик “ал-Жарида”, “ал-Ватан” газеталарида ҳамда “КУНA” давлат ахборот агентлиги сайтида кенг ёритилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги элчиси Aйюбхон Юнусов 6 февраль куни Қувайтга ташриф буюрди. Қувайтга тайинланишидан олдин у Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.
Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати