1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги белгилаб қўйилган.
1995 йил 21 декабрда “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.
“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (ЎРҚ-615-сон) 1-моддаси билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Туркий тиллар оиласига мансуб ўзбек тили илдизлари камида V-VII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой битикларига бориб тақалади. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асари туркий тиллар тарихи, шу қаторда ўзбек тилшунослиги учун ҳам муҳим манба саналади.
Тарихан Ўзбек тилининг такомилида ўзбек мумтоз адабиёти вакилларидан Навоий, Ҳофиз Хоразмий, Сайфи Сароий, Атоий, Саккокий, Амирий, Яқиний, Лутфий сингари шоирлар яратиб қолдирган мероснинг аҳамияти беқиёс.
Навоий:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам, —
Абдулла Қодирий она тилимиз борасида куюниб шундай деган эди: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.
Дунёда 5600 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, бундан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тили ҳам бор.
“Тил яшаса, миллат яшайди”. Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон бўлади ва бирлигимиз мустаҳкам бўлади.
https://t.me/oliymahad/32745
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати